Ўзбекистон | 13:52 / 23.09.2022
11035
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон автомобил бозорида савдоларнинг сезиларли ўсиши қайд этилди

Йил бошидан буён мамлакат барча ҳудудларида автомобил савдоси сезиларли ўсиши қайд этилган. Энг юқори ўсиш суръатлари Наманган - 44 фоиз, Қашқадарё – 34 фоиз ва Жиззах вилоятларида – 23 фоиз кузатилди.

Фото: UzAuto Motors

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобил бозоридаги фаолиятни баҳолади.

Марказ таҳлили шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда автомобилларга бўлган талаб анча барқарор бўлиб, шу йил январь ойида бошланган фаоллик ўсиш тенденциясини давом эттирмоқда. Август ойида автомобил сотиб олишга қизиқиш ортиши қайд этилди, бу валюта курслари ўзгариши ва истеъмолчилар пул маблағларини инвестиция қилиш истаги ортиши билан боғлиқ.

Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши

Жорий йил август ойида сотилган автотранспорт воситалари умумий сони 119,3 мингтани ташкил этди, бу июль ойига нисбатан 16 фоизга кўп. Йил бошидан буён мамлакат барча ҳудудларида автомобил савдоси сезиларли даражада ошди. Жумладан, энг юқори ўсиш суръатлари Наманган - 44 фоиз, Қашқадарё – 34 фоиз ва Жиззах вилоятларида – 23 фоиз қайд этилди.

Йил бошига келиб жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар умумий сони 3,1 млнни ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 0,28 млнга кўп. Ўзбекистон ҳар минг доимий аҳолисига ўртача 87 та автомобил тўғри келади. Статистика маълумотларига кўра, мамлакатда ҳар 12 кишидан бири автомобилга эга.

Бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори (2021-2022)

Энг кўп автомобиллар Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган - 525 028 та. Пойтахтдан кейин энг кўп рўйхатга олинган автомобиллар Самарқанд вилоятида — 392 475 та, Тошкент вилоятида — 324 154 та ва Фарғона вилоятида — 325 009 та. Ҳудудлар бўйича жисмоний шахсларга тегишли энг кам рўйхатга олинган енгил автомобиллар Сирдарё – 68 278 та, Жиззах – 90 860 та ва Навоий вилоятларида – 97 439 та қайд этилди.

Август ойида иккиламчи бозорда 98 мингта автомобил сотилган, бу ўтган ойга нисбатан 21 фоизга кўп. Шу билан бирга, иккиламчи автомобил бозори йил давомида 2,2 баробар ўсди.

Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши

Август ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сотилиши 17 мингтани ташкил этди ва июль ойига нисбатан 7,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2021 йил август ойига нисбатан савдо ҳажми 1,8 баравар ошди. Чет элда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситалари олди-сотди шартномалари сони 1,8 мингтани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 38 фоизга, ўтган йил август ойига нисбатан эса 1,8 баробарга ошгани қайд этилди.

Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси бундай кескин ўсиши жорий йил май ойидан бошлаб импорт қилинадиган автомобилларни олиб кириш учун божхона тўловлари пасайиши билан изоҳланади, бу савдо ҳажми ўсишига таъсир кўрсатди. Жорий йил май-август ойларида хорижий автомобиллар савдоси ўтган йил шу даврига нисбатан 1,6 баробарга ошган. Ушбу даврда маҳаллий автомобиллар сотуви ҳам барқарор ўсишни кўрсатиб, 1,4 баробарга ошган.

Мавзуга оид