Ўзбекистон | 10:35 / 24.09.2022
31338
3 дақиқада ўқилади

Ишончсиз “Ишонч телефонлари” – муаммони айтиш муаммоси

Бош прокуратура мурожаатларни қабул қилиш марказига уланиш учун бироз омадли бўлишингизга тўғри келади. Адлия вазирлигиники эса “хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида”. Давлат органларининг “Ишонч телефонлари”га муаммосини айтиш учун қўнғироқ қилган фуқаролар муаммога дуч келмоқда.

Ҳозирда деярли барча вазирлик ва марказий ташкилотларнинг расмий сайтлари ҳамда у ерда алоқа ёки “Ишонч телефони” рақамлари бор. Бу – соҳа бўйича мурожаат этиш, муаммони айтиш, ёрдам ёки маслаҳат олиш учун жорий қилинган. Бироқ бу рақамлар барча вазирлик ёки ташкилотда ҳам кўнгилдагидек ишламаяпти.

Kun.uz давлат органлари ва ташкилотларининг алоқа ёки ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, кичик тажриба ўтказиб кўрди.

Дастлаб Бош прокуратура ишонч телефонига мурожаат қилдик. Маҳкаманинг мурожаатларни қабул қилиш маркази алоқа рақамига “бетон тўсиқ” қўйилганга ўхшади: қўнғироқ биринчи чақирувдаёқ шу тўсиққа урилиб, узилиб кетади. Бир неча бор қилинган ҳаракатлар ҳам самарасиз, на боғланиб, на маълумот олиб бўлади.

Бош прокуратура матбуот хизматининг аниқлик киритишича, мурожаат марказида 11 нафар оператор доимий равишда қўнғироқларни қабул билади. Лекин алоқа тизими техник жиҳатдан шундай ишлайдики, навбатда турган қўнғироқлар сони 25 тадан ошса, 26-бўлиб навбатга туриши керак бўлган мурожаатчи ва ундан кейин қўнғироқ қилганлар билан алоқа автоматик равишда узилиб қолади.

Эксперимент давомида Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га такрор ва такрор қилган қўнғироқларимизга “аппарат ўчирилган ёки хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида” деган жавобни олган бўлсак, ИИВ, МИБ, Солиқ қўмитаси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигида оператор билан боғланиш учун узоқроқ навбат кутишга тўғри келди. Экспериментда фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий суд “Ишонч телефони”га боғланиш осон кечди.

Кичик тажрибамиздан маълум бўлдики, аксарият ҳолатларда давлат органлари ва ташкилотларининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, боғланиш учун фуқароларда катта сабр ва асаб бўлиши керак экан. Йўқса муаммони айтиш муаммосига дуч келганидан дод деб юбориши аниқ.

Шокир Шарипов,
Дилшода Шомирзаева,
Зияддин Маматжонов

Мавзуга оид