Жаҳон | 07:35 / 24.09.2022
5027
4 дақиқада ўқилади

Украина Эрон элчисини аккредитациядан маҳрум қилди

Россия қўшинлари Украинага қарши урушда Эрон учувчисиз учоқларидан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарлар тасдиқлангач, Киев Эрон элчисининг аккредитациясини олиб қўйди ва мамлакат элчихонасида аккредитациядан ўтган ходимлар сонини қисқартирди.

Фото: Reuters

Эрон томонидан Россияга учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) етказиб берилиши муносабати билан Украина расмийлари Эрон элчисининг аккредитациясини бекор қилишга, шунингдек, мамлакатнинг Киевдаги элчихонасида аккредитациядан ўтган ходимлар сонини қисқартиришга қарор қилди. Эроннинг муваққат ишлар вакили 23 сентябр, жума куни Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. У ерда унга «Россия қўшинлари томонидан Украина тинч аҳолиси ва мудофаа кучларига қарши фойдаланиш учун Россияга Эрон қуролларини етказиб бериш Эрон раҳбарияти томонидан очиқ эълон қилинган нейтраллик, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш позициясига бевосита зиддир», дея маълум қилди Киевдаги ТИВ.

Украина президентининг матбуот котиби Сергей Никифоров Facebook'да Володимир Зеленскийнинг Россия қўшинлари томонидан Эрон учувчисиз учоқларидан фойдаланишига жавоб бериш талаби ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, разведка маълумотлари ва ОАВнинг Эрон Россияга қурол етказиб бераётгани ҳақидаги хабарлари ниҳоят «жанг майдонида» тасдиқланган. ОАВ Эрон Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Mohajer-6 ва Shahed-136 «камикадзе дронлари»ни Россия армиясига юборишга рози бўлгани ҳақида бир неча бор ёзган. Сентябрь ойи бошидан бери Украина ҳарбийлари ўз мамлакати ҳудудида камида тўртта шундай УУАни уриб туширганликлари ҳақида хабар беришди.

Аккредитациядан маҳрум қилиниши Эрон элчиси Манучеҳр Моради энди Украинада дипломатик фаолият юрита олмаслигидан далолат беради. Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши бошиданоқ у Кишинёвга жўнаб кетиб, мамлакат ташқарисида эди.

Россия президенти Владимир Путин июль ойи ўрталарида Теҳронда Ислом Республикаси раҳбари Иброҳим Раисий билан учрашганидан сўнг Эроннинг Украинага қарши урушда Москвага ёрдам бериши мумкинлиги муҳокамаси кучайди. Бу Путиннинг уруш бошланганидан бери хорижга иккинчи сафари эди. АҚШ маълумотларига кўра, бу учрашувда Путин нафақат Кремль расман эълон қилган савдо алоқаларини кенгайтириш, балки қурол-яроғ етказиб беришни ҳам муҳокама қилган. Оқ уйнинг таъкидлашича, Эрон Россияга бир неча юзтагача учувчисиз учоқларни, жумладан, қурол олиб юришга қодир бўлган дронларни етказиб бериш ниятида.

Орадан кўп ўтмай Россия космодромидан Эронга тегишли сунъий йўлдош учирилди. Ғарб разведка хизматларига кўра, бу аппарат Теҳроннинг Яқин Шарқдаги ҳарбий нишонларга жосуслик қилиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириши керак. Бунгача Москва, ОАВ хабар қилганидек, сунъий йўлдошдан Украина қуролли кучларини кузатиш учун фойдаланиш ниятида эди. Эрон бу каби тахминларни расман рад этди, бироқ мамлакат расмийлари Россия армиясига учувчисиз учоқлар етказиб берилишини ҳам рад этганди.

ОАВ хабарларига кўра, Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши ортидан Шимолий Корея ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни қайта тиклашга ёрдам бериш учун Москвага минглаб ишчиларни юборишни таклиф қилган. Бундан ташқари, Пхенян Россияга ҳарбий ёрдам таклиф қилиши мумкин - Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун 100 000 аскар юбориш.

Ўз навбатида, Россия ва Хитой май ойида БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида Пхенянга қарши навбатдаги санкциялар пакети киритилишига қарши чиқишди, шунингдек, ядровий қурол дастури туфайли КХДРга нисбатан илгари киритилган санкцияларнинг бир қисмини олиб ташлашга чақирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид