Ўзбекистон | 12:36 / 26.09.2022
9203
3 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов Токиода JICA президенти билан учрашди

​​​​​​​Ўзбекистондаги маданий мерос обидаларини асраш ва рақамлаштиришда Япониянинг JICA агентлиги билан ҳамкорлик қилишга келишилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихиро Танака билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ҳам қатнашди.

Томонлар туризм ва маданий мерос соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Азиз Абдуҳакимов қатор соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳаларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани учун JICA раҳбариятига миннатдорчилик билдирган ҳолда, биринчи навбатда Ўзбекистон президентининг 2019 йилнинг декабрида Японияга тарихий ташрифи аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бу Ўзбекистон–Япония муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берганини қайд этди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик дарвозаси ҳисобланган Самарқандда сайёҳлик соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Акихиро Танака, ўз навбатида, Ўзбекистондаги ислоҳотлар фонида туризм, маданий мерос ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга қизиқиш билдирди.

Томонлар Буюк ипак йўли маданий меросини асраш ва унинг рақамли архивини яратиш, музейлардаги экспонатларни рақамлаштириш ва у ерда фаолият юритувчи ходимлар малакасини ошириш, тарихий объектлар реставрация ва консервациясини ўтказиш, узоқ тоғли ва чўл ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бунда япониялик мутахассисларни Ўзбекистонда ишлашга жалб қилиш каби масалаларни муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, учрашув давомида чартер дастурни амалга ошириш орқали Япониядан Ўзбекистонга саёҳат қилувчи туристик оқимни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунига кўра, томонлар ЮНЕСКО кўмагида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни реставрация ва консервация қилиш, узоқ ҳудудларда туристик инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда умрининг катта қисмини археологик ва маданий меросни тадқиқ қилишга бағишлаган марҳум Като Кюдзу хотирасига Сурхондарё вилоятида мемориал комплекс яратишга келишишди.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги маданий мерос ёдгорликларини рақамлаштиришга оид лойиҳаларни давом эттириш ҳамда қўшма тадбирлар ўтказиш орқали икки томонлама маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга оид келишувга эришилди.

Учрашув якунида JICA раҳбари 2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг ўтказилишига Ўзбекистоннинг танлангани мамлакатнинг туризм соҳасидаги ислоҳотларининг самараси эътирофидан далолат беришини таъкидлаб, уни ўтказишда муваффақиятлар тилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид