Жаҳон | 13:36 / 26.09.2022
26140
3 дақиқада ўқилади

Иркутскда ҳарбий комиссариатда ўт очилди. Ҳарбий комиссар жонлантириш бўлимида

Иркутск областининг Усть-Илимск шаҳрида ҳарбий комиссариатга чақирилганлардан бири ўт очди. Маҳаллий расмийларга кўра, чақирув комиссияси раҳбари оғир яраланган. Бу Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши ортидан рўй бермоқда.

Иркутск областининг Усть-Илимск шаҳрида ҳарбий комиссариатда 25 ёшли эркак ўқотар қуролдан ўқ узиб, ҳарбий комиссарни яралади. Ҳодиса видеоси телеграм-каналларда тарқалган: унда кичик зал саҳнасида турган киши кафедра бурчагида турган одамни ўққа тутгани, кейин у йиқилгани ва йиғилганлар қочишга тушгани акс этган 

Регион раҳбари Игорь Кобзевнинг маълум қилишича, район ҳарбий комиссари Александр Елисеев шифохонага олиб борилган, у айни вақтда оғир аҳволда жонлантириш бўлимида қолмоқда. Ҳодисадан кўп ўтмай ҳарбий комиссар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бу маълумот тасдиғини топмади. Mash маълумотига кўра, унинг танасидан олтита ўқ чиқариб олинган. Кобзев «хавфсизлик чораларини кучайтиришга топшириқ бергани» ва у «бундай ҳолат одамлар бирлашиши зарур бўлган вақтда рўй берганидан уятда экани»ни айтган.

Ўт очган шахс қўлга олинди — бу маҳаллий аҳоли вакили бўлган 25 ёшли йигит. У қўлга олинганидан кейин Baza томонидан тарқатилган видеода у ўз исми-шарифини айтади — Руслан Зинин.

Baza манбаси ёзишича, у сафарбар қилинганлар сафида бўлган; айтишларича, ўт очишдан олдин у шундай деган: «Ҳозир барчамиз уйга қайтамиз. Ҳеч ким урушга бормайди». Буни РБК билан гаплашган гувоҳлардан бири ҳам тасдиқлаган:

«Бугун соат тахминан 11:40 да ҳарбий комиссариатга бордим, ҳужжатларни топширдим. Биринчи соатда ҳарбий комиссар мажлислар залига кириб, мамлакатдаги вазият ҳақида, давлатнинг топшириғини бажараётгани ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гапира бошлади. Кейин қуролли йигит отилиб чиқди ва унга яқинлашиб, «Ҳозир барчамиз уйга кетамиз» деди ва ҳарбий комиссарга қарата ўқ узди. Мен полга ётдим. Иккинчи ўқ узилганидан кейин мен қочдим. Ҳозир Тергов қўмитасидаман», деган у.

Руслан Зининнинг онаси Astra билан суҳбатда айтишича, чақирув қоғози унга эмас, унинг армияда хизмат қилмаган энг яқин дўстига келган, шу туфайли у «жуда ғазабланган». Нашрнинг ёзишича, тонгда Руслан бувисига кўнгилли сифатида ҳарбий комиссариатга кетаётганини айтган.

Тергов қўмитаси ҳарбий хизматчининг ҳаётига тажовуз қилиш (РФ ЖКнинг 317-моддаси) ва ноқонуний қурол олиб юриш (РФ ЖКнинг 222-моддаси) бўйича жиноий иш қўзғаган.

Россияда сафарбарлик эълон қилингач, ҳарбий комиссариат биноларига ўт қўйиш ҳолатларининг янги тўлқини бошланди. 21 сентябрдан буён камида 11 та шундай уриниш қайд этилган; бир қанча маъмурий бинолар ҳужумга учраган. Ҳарбий комиссариат биноларига ўт қўйилиши билан боғлиқ ҳолатлар Украинага босқин бошланиши билан бошланганди, аммо бу аҳён-аҳёнда рўй бериб турарди: ярим йил давомида жами 20 ҳолат рўй берган.

Мавзуга оид