11:20 / 27.09.2022
4141

Инвестициялар вазирлиги ҳудудий тузилмаларини ўзгартириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Бухоро ва Хоразм вилоятларининг инвестиция салоҳиятини мустаҳкамламоқда, Инвестициялар вазирлиги ҳудудий тузилмаларини ўзгартириш ва самарадорлигини оширишга тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев International Development Ireland (IDI, Ирландия) раҳбариятини қабул қилди.

Охирги бир йил давомида экспертлар гуруҳи Бухоро ва Хоразм вилоятлари инвестициявий салоҳиятини ривожлантириш бўйича иш олиб борган. Компания вакиллари ИТСВ ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ва IDI ўртасида тузилган шартнома биринчи қисми доирасида бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этди.

Компания мутахассислари томонидан Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари кўмагида IDI ҳудудий офислари очилди ҳамда иккала вилоятда 25 та компания инвестиция имкониятлари баҳоланди. 620 инвесторга ҳудудда яратилган имкониятлар тўғрисидаги маълумотлар етказилди, улардан 16 нафари таклифларга қизиқиш билдириб, ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокараларни бошладилар. Инвесторлар асосан тиббий ва меҳмонхона хизматлари, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, чорвачилик, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва сотиш йўналишлари билан қизиқмоқда.

Учрашув якунида компания вакиллари Ўзбекистонда фаолиятини давом эттиришга тайёрлигини билдирдилар. IDI вазирлик ҳудудий тузилмалари фаолиятини трансформациялаш ва самарадорлигини оширишга қаратилган концепцияни ишлаб чиқиб, тақдим этади. 

Top