Қозоғистон сафарбарликдан қочганларни Россияга топширмайди
Қозоғистон жиноятда айбланиб, халқаро қидирувга берилган россияликларнигина экстрадиция қилади. Сафарбарликдан қочиш топшириш учун қонуний асос эмас, дея маълум қилди мамлакат ИИВ раҳбари.
Қозоғистон ҳукумати сафарбарликдан қочган россияликларни чиқариб юбормайди. Бу ҳақда 27 сентябр, сешанба куни Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов баёнотига асосланиб, Orda нашри хабар берди. Унга кўра, Қозоғистон россияликларни топшириши мумкин, бироқ бу жиноят содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилганларгагина тегишли бўлади.
«Агар уларни ҳарбий комиссарликлар қидирса, бу - топшириш учун қонуний асос бўла олмайди», — деди Ахметжанов.
Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россияда Украинага қарши уруш фонида эълон қилинган «қисман сафарбарлик» туфайли мамлакатга Россия фуқароларининг оммавий равишда келаётгани тўғрисида маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 27 сентябр, сешанба куни Туркистон вилояти жамоатчилиги билан учрашувда айтиб ўтди.
«Сўнгги кунларда Россиядан бизга кўплаб одамлар келяпти. Уларнинг аксарияти ҳозирги умидсиз вазият туфайли кетишга мажбур бўлган. Биз уларга ғамхўрлик қилишимиз, хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Бу сиёсий ва гуманитар масала. Мен кўрсатма бердим. Ҳукумат зарур чораларни кўрсин», — деди Қозоғистон президенти.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги вазиятда Қозоғистон фуқаролари инсонпарварлик, сабр-тоқат кўрсатиши керак. «Бизда инқироз ҳам, ваҳима ҳам йўқ. Хориждан келган меҳмонларга ёрдам кўрсатилади, бироқ уларга имтиёз берилмайди. Барча ишлар қонун ва ўз мажбуриятларимиз асосида амалга оширилиши керак. Россия томони билан музокаралар олиб борамиз ва бу муаммони мамлакатимиз манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қиламиз», деди у.
21 сентябр куни Россияда «қисман сафарбарлик» эълон қилинганидан сўнг, Қозоғистон Украинага қарши курашмоқчи бўлмаган россияликларнинг мамлакатни тарк этиши бўйича асосий йўналишларидан бирига айланди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 21 сентябрдан буён Россиянинг 98 мингга яқин фуқароси мамлакатга кириб келган, 64 минг россиялик эса Қозоғистонни тарк этган.