Жаҳон | 15:11 / 29.09.2022
9095
2 дақиқада ўқилади

Экспертлар: «Шимолий оқим»даги сизиб чиқишлар экологияга катта зарар етказади

Мутахассисларнинг фикрича, сизиб чиқиши деярли 7,5 миллион тонна карбонат ангидрид эквиваленти эмиссиясига олиб келади. Бу Германиянинг йиллик CO2 ташламасининг тахминан бир фоизига тўғри келади. 

Фото: Reuters

«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида сизиб чиқиш ҳолатлари тахминан 7,5 миллион тонна карбонат ангидрид эквиваленти эмиссиясига олиб келади, бу Германиянинг йиллик CO2 ташламасининг деярли бир фоизига тўғри келади, дейилади Атроф-муҳит ҳимояси бўйича федерал идора (Umweltbundschutz - UBA) томонидан 28 сентябрь, чоршанба куни эълон қилинган пресс-релизда. 

Ҳисоб-китоблар иккала магистралнинг зичлиги ва ҳажмини баҳолашга асосланади. Қувурларда ҳеч қандай ўчириш механизмлари мавжуд эмаслиги сабабли, улар таркибидаги барча газлар атроф-муҳитга чиқарилади. Сизиб чиқиш ҳолатларининг камида биттаси Данияда жойлашган, шунинг учун ташламаларнинг бир қисми ушбу мамлакат экологик ҳисоботида ҳисобга олинади. 

Агар сизиб чиқишлар халқаро сувларда бўлса, улардан етказилган зарар миллий ҳисоботларнинг бирортасида кўринмайди, аммо бу билан атроф-муҳитга етказилган зарар камаймайди, дейилади пресс-релизда. 

Умуман олганда, атмосферага 0,3 миллион тонна метан чиқиши тахмин қилинмоқда, бу эса атроф-муҳит учун карбонат ангидриддан кўра анча зарарли. Ҳисоб-китобларга кўра, бир тонна метан атмосферани юз йил давомида 25 тонна CO2билан бир хил даражада иситади. Шу сабабли, «ШО»да газ сизиб чиқиши натижасида атроф-муҳитга етказилган зарар тахминан 7,5 тонна CO2 эквивалентида баҳоланади. 

UBA мутахассислари қувурлар узунлиги (1250 км), диаметри (1,1 м), босим (100 бар) ва 10 даража ҳарорат каби омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга оширди. «Шимолий оқим»нинг тўртта магистралидан учтаси газ билан тўлдирилганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид