Жаҳон | 21:04 / 29.09.2022
9298
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати аҳолига ёрдам учун 200 млрд евро ажратади 

Канцлер Шолцнинг таъкидлашича, Россия газдан сиёсий қурол сифатида фойдаланмоқда.

Фото: Pixabay

Германия ҳукумати истеъмолчилар учун электр энергияси кескин қимматлашиши оқибатларини юмшатишга 200 млрд евро ажратади. Бу ҳақда ГФР канцлери Олаф Шолц, вице-канцлер ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек ва молия вазири Кристиан Линднер маълум қилди

Ҳукумат газ учун устама қўйиш режасидан воз кечиб, компанияларни тўғридан тўғри қўллаб-қувватлашга қарор қилди. 

Канцлер Шолцнинг таъкидлашича, Россия газдан сиёсий қурол сифатида фойдаланмоқда. У аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастури ва газ нархини чегаралашни "қўшалоқ зарба" деб атади. 

Иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек 2024 йил баҳоргача амал қиладиган янги ҳимоя механизми янада катта инқирозларнинг олдини олишга ёрдам беришини айтди.

"Биз ҳали ҳам қийин вазиятда турибмиз", - дея қўшимча қилди Ҳабек газ етказилиши хавфсизлиги ҳақида гапираркан. 

У электр энергиясини тежаш зарурлигини таъкидлади.

Германия молия вазири Кристиан Линднер ҳозирда "фаровонлик ва озодлик учун энергетика уруши" кетаётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, "Шимолий оқим" газ қувури шикастланиши вазиятни янада мураккаблаштирди ва ўнлаб йиллар давомида яратилган кўплаб нарсалар йўқ бўлиши хавфи мавжуд. 

"Биз бунга рози бўлмаймиз ва ҳимояланамиз", - деди Линднер.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид