Жаҳон | 13:52 / 29.09.2022
7323
4 дақиқада ўқилади

Германияда Кремлга яқин ҳисобланувчи партия офисларида тинтувлар ўтказилди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари «Германия учун муқобил» (ГМ) партиясининг бир нечта офисларида тинтув ўтказди – унинг собиқ раҳбарлари молиявий қонунбузарликларда айбланмоқда.

Фото: Reuters

Берлин прокуратураси, шунингдек, Германиянинг бошқа бир қатор федерал ҳудудлари ҳуқуқ-тартибот идоралари 28 сентябр, чоршанба куни «Германия учун муқобил» партиясининг штаб-квартираси ва бир қатор минтақавий бўлимларида тинтув ўтказди, деб хабар бермоқда dpa. Тинтувлар ГМ собиқ раҳбари ва ғазначиси томонидан партия қонунчилигини бузганлик ва ўзлаштириш гумонлари билан боғлиқ ҳолда ўтказилган. 

Маҳкама маълумотларига кўра, ГМнинг 2016-2018 йиллардаги фаолияти тўғрисида ҳисоботларни тузиш учун масъул бўлган ГМ собиқ раҳбари Йорг Мойтен ва собиқ федерал партия ғазначиси Клаус-Гюнтер Форман партия қонунчилигини бузган бўлиши мумкин, улар партия хайриялари билан боғлиқ маблағларни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «2017 йилги сайлов кампаниясини молиялаштириш бўйича бир нечта жиҳатларга» аниқлик киритмоқчи - ўтмишда ГМ Гидо Райл ва Мойтеннинг Европа парламенти учун сайловолди кампанияларини чет элдан молиялаштиргани учун 400 минг евродан ортиқ жаримага тортилган эди. Худди шу йили Бундестаг сайлов кампанияси учун хорижий маблағларга эътибор қаратди, бунинг натижасида ГМ биринчи марта Германия парламентига кирди. 

Тинтув Берлин ва учта федерал ҳудуд: Баден-Вюртемберг, Бавария ва Шимолий Рейн-Вестфалиядаги партия еттита биносида ўтказилди, тадбирлар натижасида турли «ҳужжатлар ва ахборот ташувчилари» олинган. 

ГМ партияси аъзоси Алис Вайдел ва унинг раиси Тино Хрупалла тергов чораларини танқид қилди. Вайдел уларни «Германиядаги энг муҳим мухолифат партияси сифатида ГМни қўрқитиш чораси» деб атаган бўлса, Хрупалла прокуратура фаолият ҳақида олдиндан хабардор қилганида, партия унга керакли ҳужжатларни тақдим қилган бўларди, деди. 

Бундестагда ўнг қанот популистик партия нафақат парламентарийлар ишига аралашган, балки россияпараст кун тартибини илгари сурган - 2020 йилда ГМ раҳбарияти Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин эса ГМ вакиллари парламентдаги мунозараларда «Шимолий оқим-2» қувурини ишга туширишни ёқлади. Бундан ташқари, сентябрь ойида партиянинг бир нечта аъзолари Россияга бориб, Донбаснинг рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинган қисмига ташриф буюриш ниятида эканликларини эълон қилди - ҳатто ГМ раҳбариятининг ўзи ҳам уларни бу ғояси учун танқид остига олди. 

2022 йил март ойида партия раиси Тино Хрупалла ҳамда ГМ раҳбарияти ўртасида Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши муносабати билан зиддият юзага келди. Dpa маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён бир ой ичида бир неча юз киши ГМ сафини тарк этган. Улар раиснинг «бугунги кунда мақсад - фақат битта айбдор томонни топиш бўлиши мумкин эмас» деган позициясига қўшилмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид