Жаҳон | 19:24 / 29.09.2022
3773
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Малтани «олтин паспорт» дастури сабабли судга беради

ЕК баёнотида қайд этилишича, аввалдан келишилган тўлов ёки инвестиция эвазига ЕИ фуқаролигини бериш ҳақиқий ҳамкорлик тамойилларига мос келмайди.

Фото: Reuters

Еврокомиссия (ЕК) Малтани «олтин паспорт» дастури сабабли Евроиттифоқ судига беради, деб ёзади Bloomberg.

ЕК баёнотида қайд этилишича, аввалдан келишилган тўлов ёки инвестиция эвазига ЕИ фуқаролигини бериш ҳақиқий ҳамкорлик тамойилларига мос келмайди.

Малта ички ишлар вазирлиги бунга жавобан давлат ЕК билан «конструктив ва виждонан» ҳамкорлик қилаётгани ҳамда «комиссиянинг бундай тарздаги талқинини қатъиян рад этиши»ни билдирди.

Таъкидланишича, «олтин паспорт» дастури «пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларнинг олдини олувчи керакли текширув жараёнларига асосланган ва фақатгина муносиб шахслар Малта ҳамда Европа фуқаролигини олишини кафолатлайди.

Малта март ойида Россия ва Беларус фуқароларига «олтин паспорт» беришни тўхтатганди. 

«Бу ижобий қадам бўлса-да, Малта ушбу схемадан бошқа фуқаролар учун фойдаланмоқда ва уни тўхтатиш ниятини маълум қилмади», — дейилади Еврокомиссия баёнотида.

Евроиттифоқ мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия ва Канада 27 февралда «олтин паспорт» дастурини чеклашга келишиб олганди.  

«Яндекс» асосчиси Аркадий Волож, Evraz миноритарийси Геннадий Козовой ва «Юлмарт» онлайн-ретейлери эгаси Август Мейер Малта фуқаролигига эга.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид