Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёдаги илк давлат барча фуқароларга ChatGPT Plus’дан бепул фойдаланиш имконини беради
Малта бундай миллий дастурни ишга туширган дунёдаги биринчи давлат бўлди.
Американинг OpenAI компанияси Малта ҳукумати билан шартнома тузганини маълум қилди, унга кўра мамлакатнинг барча аҳолиси сунъий интеллектдан фойдаланиш курсини тугатгандан сўнг, бир йил давомида ChatGPT Plus хизматидан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шу вақтгача хизматнинг нархи ойига 20 евро эди.
Малта бундай миллий дастурни ишга туширган дунёдаги биринчи давлат бўлди. «Ҳамма учун сунъий интеллект» деб номланган ташаббуснинг биринчи босқичи май ойида бошланади, Малта рақамли инновациялар бошқармаси бепул обуналарга кириш имкониятини назорат қилади.
«Малта бундай кенг кўламли ҳамкорликни бошлаган биринчи давлатдир, чунки биз фуқароларимизнинг рақамли асрда орқада қолишига йўл қўймаймиз. Биз халқимизни глобал ўзгаришларнинг олдинги сафларига қўямиз», деди мамлакат иқтисодиёт, тадбиркорлик ва стратегик лойиҳалар вазири Силвио Шембри.
Унинг қўшимча қилишича, шу тариқа Малта «анъанавий бўлмаган концепцияни амалий ёрдамга айлантиради».
Дастур чет элда яшовчи Малта фуқаролари учун ҳам амал қилади.
OpenAI келишувнинг молиявий тафсилотларини ошкор қилмади.