Жаҳон | 10:49 / 01.10.2022
6167
6 дақиқада ўқилади

Россия фуқаролари учун Европа иттифоқига кириш янада қийинлашади

Европа комиссияси хавфсизликка таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда Россия фуқароларига визалар бериш бўйича тавсияларни янгилади. Консуллар ҳар бир мурожаат этувчининг шахсини текширади ва чегарада улар визаси бўлса ҳам, Европа иттифоқига киришни рад этишлари мумкин.

Фото: Depositphotos

Россия томонидан жиддий хавфсизлик таҳдидлари пайдо бўлиши муносабати билан, Еврокомиссия Европа иттифоқига аъзо давлатларга Россия фуқаролари учун туристик визалар бериш бўйича янгиланган тавсияларни тақдим этди. Европа комиссияси Россиядаги Европа дипломатик ваколатхоналари консулларига, агар фуқаронинг Европа иттифоқида 90 кундан ортиқ қолишига шубҳа туғилса, ариза берувчиларга қисқа муддатли Шенген визаларини беришдан бош тортишни тавсия қилди. Шу билан бирга, ЕИ диссидентлар, журналистлар ва оилавий сабабларга кўра виза сўраган кишилар учун истисно қилади.

Тавсияларда, шунингдек, Россияга қўшни давлатларга саёҳат қилган Россия фуқаролари у ердаги Европа иттифоқига аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарига туристик визага мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилган. Бу ҳақда 30 сентябр, жума куни Брюсселда бўлиб ўтган брифинг чоғида Европа комиссари Илва Йоханссон маълум қилди. Шунингдек, у Россия фуқароларига узоқ муддатли визалар ва сиёсий бошпана бериш масалалари ЕИга аъзо давлатларнинг миллий ҳукуматлари ваколати доирасида қолаётганини таъкидлади.

«Хавфсизлик таҳдидлари ҳақида гап кетганда, биз жиддий аҳволдамиз. Бу Россиянинг Украинага қарши агрессив уруши билан бошланди. Биз Украинада қийноқлар излари билан одамларнинг оммавий қабрларини кўрдик, «Шимолий оқим» газ қувурига ҳужумларни кўрдик, Путин яқинда Россия фуқароларининг ҳарбий сафарбарлиги ва Украина тўртта ҳудудининг ноқонуний аннексия қилинишини эълон қилганини кўрдик. Буларнинг барчаси хавфсизлик муаммолари ўта жиддий эканлигини англатади», деди Европа комиссари Йоханссон. Охирги воқеалар муносабати билан Еврокомиссия Европа иттифоқи билан виза режимини либераллаштиришни бутунлай бекор қилишга ва Россия фуқароларига қисқа муддатли визалар бериш бўйича махсус тавсиялар қабул қилишга қарор қилди. 

Амалда, бу «аъзо давлатлар ариза берувчининг Европа иттифоқига сафари сабабларини баҳолашда янада қатъий ёндашиши, шунингдек, «унинг хавфсизликка хавф туғдириши ёки йўқлигини текшириш учун тўлиқ текширув ўтказиши» кераклигини англатади. «Бу ҳарбий сафарбарликдан қочишга уринаётган Россия фуқароларига ҳам тегишли», дейилади тавсияларда. Агар «Украинага боришни хоҳламаган» россиялик узоқ муддатли Европа иттифоқи визаси ёки сиёсий бошпана олишни истаса, аъзо давлатлар консулликлари бундай аризаларни миллий қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқиши керак, дея тушунтирди Йоханссон. «Туризм визаси - бу имтиёз, бошпана олиш ҳуқуқи эса - инсоннинг асосий ҳуқуқи. Бу ҳуқуқни таъминлаш учун ЕИ Россия фуқароларига бошқа давлатлар фуқароларига нисбатан амалда бўлган ёндашувни қўллайди», - деди Европа комиссари. 

Европа комиссияси, шунингдек, Россиядан кўплаб эркаклар қўшни давлатларга жўнаб кетганлиги сабабли мамлакатларга виза аризаларини топшириш шартларини кучайтиришни тавсия қилди. Йоханссон сўзларига кўра, Европа иттифоқининг учинчи давлатлардаги консулликлари Россия фуқароларидан виза олиш учун аризаларни қабул қилмайди, улар буни фақат Россия ҳудудида амалга оширишлари мумкин. 

Шу билан бирга, Европа комиссари янги виза тавсиялари инсонпарварлик нуқтайи назаридан қисқа муддатли виза олишни хоҳловчиларга тааллуқли эмаслигини таъкидлади. «Бизда диссидентлар, журналистлар, фаоллар ва муайян оилавий шароитга эга бўлганлар учун ҳеч қандай чекловлар йўқ», деди Йоханссон. Унинг сўзларига кўра, Европа комиссияси виза аризаларини кўриб чиқишда, агар улар мухолифатчи сиёсатчилар, фаоллар ёки журналистлар томонидан тақдим этилган бўлса, устуворлик тамойилини қўллашни тавсия қилади, шу билан бирга, «туристик визалар учун аризалар хавфсизликка таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда устуворликдан маҳрум қилиниши керак».

Бироқ, амалдаги визага эга бўлиш Россия фуқаросининг Европа иттифоқи чегарасини кесиб ўтишини кафолатламайди. «Биз Европа иттифоқига хавфсизликка таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда Россия фуқароларини қаттиқ текшириш тавсияси билан аъзо давлатларнинг чегара хизматларига мурожаат қилдик», деди европалик расмий. Унинг сўзларига кўра, ЕИда «руслар сайёҳ сифатида Путиннинг тарғиботи учун украиналик қочқинларни гижгижлаш учун келганига оид» ҳолатлар ҳам кузатилган. «Бироқ, хавфсизликка жиддийроқ таҳдидлар ҳақида гапиришга асослар бор, шунинг учун ҳар бир мурожаат этувчини синчиклаб текшириш керак», деди у. 

Ҳозирда Европа иттифоқига Россия фуқароларининг сезиларли оқими кузатилмаяпти. Йоханссоннинг сўзларига кўра, сентябр ойида Россия фуқаролари томонидан Европа иттифоқи чегараларини кесиб ўтиш билан боғлиқ ҳолатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан «10-20 мингга кўп кириш»ни ташкил қилган. «Агар ўтган йили ЕИга 170 минг Россия фуқароси кирган бўлса, бу йил - 190 минг. Яъни, одатдагидан кўпроқ кириш бўлган, аммо бу ЕИ учун унчалик кўп эмас», - деди Европа комиссари.

Россия фуқароларининг бошпана сўраб мурожаат қилиши статистикаси ҳам сўнгги йилларда сезиларли даражада ошмаган. «Ўтган ҳафтада кунига 20-30 та шундай ариза келиб тушди. Бу кўп эмас», - деди Йоханссон. Бироқ, унинг таъкидлашича, ҳозирда кўплаб россияликлар РФдан қўшни давлатларга сафарбарликка чақирилмаслик учун кетаётгани ҳисобга олинса, «бу одамлар ЕИга ҳам киришни хоҳлайди» деб тахмин қилиш мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид