Ўзбекистон | 07:51 / 03.10.2022
1791
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳудудларига инвестиция жалб қилишда ёрдам кўрсатади

Жаҳон банки 2040 йилгача Ўзбекистон ҳудудларига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегияси ва бошқа дастурларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатади.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде билан учрашув ўтказди.

Икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар 30 йиллик муносабатлар давомида инвестициявий ҳамкорлик доирасида эришилган натижаларни юқори баҳолади. Бу даврда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни модернизация қилиш, сув таъминоти, молия ва транспорт соҳаларини яхшилаш ҳамда йўллар қуришга қаратилган 3,6 миллиард долларлик 28 та лойиҳа амалга оширилди. 

Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда банк мутахассислари маслаҳат ва техник ёрдамини кенгайтириш муҳокама қилинди. 2040 йилгача Ўзбекистон ҳудудларига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини тайёрлашда, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда, савдо тўсиқларини камайтиришга қаратилган техник ёрдам кўрсатишда, божхона тартиб-қоидаларини рақамлаштиришда ва техник регламентларни мувофиқлаштиришда, экспортни ривожлантириш стратегиясини ва Ўзбекистон барча ҳудудларида саноат мувозанатли ривожланишини таъминлашга қаратилган бозор тамойилларига асосланган саноат стратегиясини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар Саудия Арабистони ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси номолиявий фаолиятини ЖБ экспертлари томонидан қўллаб-қувватланишини муҳокама қилди. Жаҳон банки раҳбарияти жамғарма фаолиятига зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид