20:28 / 03.10.2022
14538

Қозоғистон КХШТ Россия-Украина низосида қатнашмаслигини билдирди

Ойбек Смадияровнинг маълум қилишича, КХШТнинг жавобгарлик ҳудуди ташкилотга аъзо давлатларнинг халқаро тан олинган чегаралари билан белгилаб қўйилган.

Фото: Tengrinews

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ойбек Смадияров Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучлари Россия-Украина низосида иштирок этмаслигини маълум қилди.

"Қозоғистон халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига мувофиқ давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверен тенглиги тамойилларига амал қилади. КХШТнинг жавобгарлик ҳудуди ташкилотга аъзо давлатларнинг халқаро тан олинган чегаралари билан белгилаб қўйилган ва коллектив хавфсизлик ушбу ҳудудлар чегарасида таъминланади. Шу тарзда, кун тартибида КХШТнинг Россия-Украина низоси ҳудудида иштирок этиши масаласи йўқ", - деди у. 

Смадияров шунингдек, Қозоғистоннинг Украинадаги Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида ўтказилган “референдум”лар бўйича позициясини ҳам маълум қилди. 

"Бизнинг позициямиз ўзгармади. Қозоғистон бу масалада халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига мувофиқ давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверен тенглиги тамойилларидан келиб чиқади. Биз Россия ва Украина ўртасида сиёсий мулоқот ўрнатишга тайёрлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз", - деди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили.

 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top