Ўзбекистон | 11:12 / 04.10.2022
14853
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқдаги портлашда заводнинг икки ходими жароҳатланган, ёнғин ўчирилди

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокимлиги Чирчиқдаги «Maxam Chirchiq» корхонасида юз берган ёнғин тўлиқ бартараф этилганини эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳолат туфайли корхонанинг икки нафар ходими жароҳатланган. Улар айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги шифохонада муолажа олмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам икки нафар ходим енгил тан жароҳати олганини, улар Чирчиқ шаҳридаги шифохонада муолажа олаётганини тасдиқлади. Ҳалок бўлганлар йўқ.

«Ҳодисанинг сабаб ва оқибатларини атрофлича баҳолаш мутахассислар томонидан алоҳида текширувни талаб қилиши туфайли, кейинроқ батафсил ахборот берилади», дейилади ҳокимлик хабарида.

Чирчиқ шаҳридаги «Maxam Chirchiq» заводида сешанба куни тахминан соат 8:30 ларда портлаш содир бўлди. «Ўзкимёсаноат»нинг аниқлик киритишича, «қисқа портлаш» Аммиак-1 ишлаб чиқариш цехининг синтез бўлинмасида юзага келган. Натижада цехнинг синтез колоннасида ёнғин келиб чиққан.

Воқеа жойига бош вазир ўринбосари — энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги комиссия аъзолари зудлик билан етиб борди.

«Ўзкимёсаноат» портлаш оқибатида корхонанинг бошқа ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда аҳоли яшаш пунктларига зарар етмагани, атроф-муҳитга зарарли газлар тарқалмаганини маълум қилди.

Мавзуга оид