Жаҳон | 13:41 / 05.10.2022
18082
2 дақиқада ўқилади

Путин Украина ҳудудлари аннексияси ҳақидаги қонунларни имзолади

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни, шунингдек, Херсон ва Запорижжя областларининг эгаллаб олинган ҳудудларини аннексия қилиш тўғрисидаги қонунларни имзолади.

Давлат Думаси ушбу қонунларни 3 октябрда қабул қилди, эртаси куни улар Федерациялар кенгаши томонидан тасдиқланди.

Россия Конституциявий суди 30 сентябр куни Кремлда имзоланган Украинанинг босиб олинган областларини «Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш» тўғрисидаги шартномаларни маъқуллади.

Шундай қилиб, Конституциявий суд Украинанинг Запорижжя ва Херсон областлари, шунингдек, «ДХР» ва «ЛХР»ни Россия қонунларига мувофиқ «Россияга қабул қилиш тўғрисидаги шартномалар»ни кўриб чиқди.

Суд томонидан маъқулланиши - Украина ҳудудларини Россия томонидан аннексия қилиш бўйича расмий тартибдаги қадамлардан бири. Сўнг Россия президенти Владимир Путин шартномаларни ратификация қилиш учун Давлат думасига юборди ва шу билан бирга «янги ҳудудларни қабул қилиш» тўғрисидаги федерал конституциявий қонунни киритди.

30 сентябр куни Кремлда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР», «ЛХР» ҳамда босиб олинган Херсон ва Запорижжя областларининг Россияга «кириш тўғрисидаги шартномалари» имзоланди. Улардан олдин босиб олинган ҳудудларда псевдореферендумлар ўтказилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид