Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия ва Испания қурол ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кучайтиради
Россиянинг ҳаракатлари туфайли Европадаги вазият ёмонлашувини ҳисобга олиб, Берлин ва Мадрид Европа иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ва қурол ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида.
Испаниянинг Ла Коруня шаҳрида Palexco кўргазма ва конгресс саройида 5 октябр, чоршанба куни XXV Германия-Испания саммити бўлиб ўтди. Унда Германия канцлери Олаф Шолц ва Испания бош вазири Педро Санчес, шунингдек, Германия ва Испания мудофаа вазирлари Кристин Ламбрехт ҳамда Маргарита Роблес дохил 15 нафар вазир иштирок этди. Бу Берлин ва Мадрид ўртасидаги тўққиз йил ичида биринчи ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар бўлди.
Саммитда мудофаа соҳаси ва Украинадаги вазият, иқтисодий алоқалар ва энергия хавфсизлиги масалалари, фан ва таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор шартномалар имзоланди. Учрашувдан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатлар «энг юқори даражада» эканини таъкидлади.
Матбуот анжуманида Шолц ва Санчес Россиянинг Украинага бостириб киришини «халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши» сифатида кескин қоралади. Улар агрессияга учраган мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини ҳамда Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш ниятида эканликларини эълон қилдилар. Санчес, шунингдек, «босқин пайтида уруш жиноятларини содир этган Россия фуқаролари халқаро трибуналга тортилишига» ишонч билдирди.
Томонлар, шунингдек, «Россиянинг ҳаракатлари туфайли Европа қитъасидаги вазият ёмонлашуви»ни инобатга олган ҳолда, «Европа иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга ва қурол ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга» ваъда берди. Учрашув арафасида испан матбуоти дипломатик манбаларга таяниб, гап Испаниянинг ГФР ташаббуси билан бошланган Европа ракеталарга қарши қалқони (European Skyshield) лойиҳасидаги иштироки ҳақида кетаётганини билдирди. Қайд этилишича, бу масала аллақачон қуйи даражадаги Германия-Испания учрашувларида уч марта муҳокама қилинган.
Испания янги лойиҳада иштирок этишга қай даражада тайёрлиги ҳозирча аниқ эмас. Матбуот анжуманида Санчес «Шолц билан суҳбатда бу масалани тилга олмаганини, лекин уни исталган вақтда муҳокама қилишга тайёрлигини» таъкидлади. Мудофаа вазирларининг параллел йиғилишида гап Германия-Франция-Испания FCAS лойиҳаси ҳақида борди: олтинчи авлод қирувчи самолётини биргаликда ишлаб чиқиш. У 2027 йилгача мўлжалланган ва 8,5 миллиард евро миқдоридаги капитал қўйилмаларни назарда тутади. Лойиҳани амалга ошириш унда иштирок этувчи компаниялар - Франциянинг Dassault ва Европанинг Airbus компаниялари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли тўхтатилди. Вазиятни жорий йил охиригача ҳал этиш режалаштирилган.
Учрашувда Европа иттифоқи мамлакатларида бюджет интизоми ва қарздорлик масалалари муҳокама қилинди. Германия аъзо мамлакатларнинг бюджет тақчиллиги 3 фоиздан, ташқи қарз эса ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ошмаслиги тарафдори. Гап пандемия сабабли 2020 йилдан буён бузилишига йўл қўйилган меъёр ҳақида бормоқда. Берлин бу қоидани 2023 йилдан қайтадан жорий этишни талаб қилмоқда, Испания ва Европанинг бошқа қатор давлатлари эса уни бюджет интизомини юмшатиш йўналишида ислоҳ қилишни истаяпти.
Бироқ, учрашувнинг асосий мавзуси Европа иттифоқининг энергия хавфсизлигини таъминлаш бўлиб, бу муаммо Россия газини етказиб бериш тўхтатилиши таҳдиди билан боғлиқ. Истеъмолчилар учун газ нархининг юқори чегарасини белгилаш имконияти масаласи муҳокама қилинди. Жазоир газини Испания орқали Марказий Европага етказиш имконини берувчи газ қувури қурилиши ҳақида гап борди, бу - Россиядан етказиб беришнинг қисқаришини қисман қоплаши мумкин.
Лойиҳага Франция ҳозирча қаршилик кўрсатиб, испан газ тизимини французлар билан боғлаши керак бўлган қувур тармоғи келажакда жуда қиммат ва фойдасиз бўлиши мумкинлигини, чунки газ бозоридаги нотинчлик вақтинчалик эканини таъкидламоқда. Томонлар «лойиҳани амалга ошириш ниятини тасдиқлади», улар Францияни унга қўшилишга кўндирмоқчи.
Мавзуга оид
12:04 / 18.06.2026
Ўзбекистон ва Германия биринчи хонимлари инклюзив таълим масалаларини муҳокама қилди
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026
Ўзбекистон ва Германия президентлари бир қатор иқтисодий лойиҳаларни ишга туширди
10:05 / 17.06.2026