Жаҳон | 22:27 / 07.10.2022
21913
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг Украинага ядровий зарба бериш эҳтимолини баҳолади 

Қўшма Штатлар Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги урушда ядро қуролидан фойдаланмоқчи экани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. 

Фото: Россия мудофаа вазирлиги

CNN телеканалининг разведкадаги манбалари Вашингтон эҳтимолий ядровий зарба ҳақида ҳозирча ҳеч қандай далилга эга эмаслигини тасдиқлаган. Шу нуқтаи назардан, АҚШ президенти Жо Байденнинг огоҳлантиришлари ва унинг ядро уруши эҳтимоли юқорилиги ҳақидаги баёнотлари Оқ уй маъмуриятида хавотир борлигидан далолат беради. 

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ядро қуролидан фойдаланиш бутун дунё учун «Армагеддон» (Инжилда тилга олинган «Қиёмат олдидан эзгулик ва ёвузлик кучлари ўртасида бўлиб ўтадиган жанг майдони») билан якунланиши мумкинлигини айтган эди. Унинг аниқлик киритишича, агар вазият «ҳозиргидек ривожланишда давом этса» бу воқеа содир бўлиши мумкин. 

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен сўзларига кўра, Оқ уй Россия ядровий қурол ишлатган тақдирда кўриладиган чораларни ишлаб чиқмоқда. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Россиянинг бунга жиддий тайёргарлик кўраётганини ҳозирча сезмаяпти. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид