07:23 / 07.10.2022
7802

Саида Мирзиёева АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан учрашув ўтказди

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева АҚШ давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Кеннеди Трюдо билан учрашув ўтказди.

Фото: t.me/SShMirziyoyeva

"Учрашув дўстона руҳда ўтди. Трюдо хоним билан дезинформацияга қарши кураш ва ёшлар ва болалар орасида медиасаводхонликни оширишнинг аҳамиятини муҳокама қилдик, Масс-медиа фонди фаолияти ҳақида сўзлаб бердик. 

Менга америкалик меҳмоннинг қуйидаги мулоҳазаси жуда ёқди: "Биз америкаликлар сизга нима қилиш кераклигини ўргатишга келганимиз йўқ. Биз ҳамкорлик учун шу ердамиз. Ва биз сизни ишончли ҳамда тенг ҳуқуқли шериклар деб биламиз". 

Ишончим комилки, олдимизда сермаҳсул ҳамкорлик турибди", дейди Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, Ўзбекистонга ташрифи доирасида Элизабет Трюдо Тошкентдаги Вебстер университетида “Оммавий ахборот воситалари мутахассислари учун инглиз тили” дастурининг битирувчилари билан суҳбатлашади.

Бундан ташқари, у маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган алмашинув дастурлари битирувчилари билан учрашишни ва Жиззахдаги аёллар шелтерига ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Top