Жаҳон | 13:36 / 07.10.2022
3221
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Арманистонга «фуқаролик миссияси» юборади

Вазифаси Арманистонга Озарбойжон билан чегарани делимитация қилишда ёрдам бериш бўлган миссия ўз ишини октябрь ойида бошлайди ва кўпи билан икки ой давом этади. Унинг мақсади - томонлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш.

Фото: AFP

Европа иттифоқи Озарбойжон билан чегараларни делимитация қилишда ёрдам бериш учун Арманистонга «фуқаролик миссияси»ни юборади. Бу ҳақда 7 октябр, жума куни Прагада Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа кенгаши раиси Шарл Мишелнинг бир неча соатлик учрашувидан сўнг маълум қилинди.

Музокаралардан сўнг берилган баёнотга кўра, миссия октябрь ойида ўз ишини бошлайди ва максимал икки ой давом этади. Унинг мақсади - «ишончни мустаҳкамлаш ва чегара комиссиялари ишига ҳисса қўшиш», дейилади ҳужжатда. Унда, шунингдек, Арманистон ва Озарбойжон БМТ низоми ва «1991 йилдаги Олмаота декларациясига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган, унда ҳар икки томон бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олади».

Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Тоғли Қорабоғ бўйича узоқ вақтдан бери давом этаётган тўқнашув бир неча бор тўлақонли ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетган. Ўтган ойнинг ўзида ҳар икки томондан камида 286 киши ҳалок бўлди, бу АҚШ воситачилигидаги сулҳ 2020 йилдан бери Боку ва Ереван ўртасидаги қуролли тўқнашувларга барҳам бергунига қадар кузатилди. Тўқнашувлар давомида 6500 киши ҳаётдан кўз юмди. 

AFP агентлигининг таъкидлашича, Украинада уруш бошлаган Москва минтақага қизиқиш ва таъсирини йўқотган. Бундай вазиятда АҚШ ва Европа иттифоқи Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнига воситачилик қилишда етакчи роль ўйнайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид