Жаҳон | 09:05 / 07.10.2022
10531
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Херсон областининг 500 квадрат километри озод қилинди

Олти кун ичида Украина қўшинлари Херсон областида 500 квадрат километрдан ортиқ майдонни озод қилди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 7 октябр, пайшанба куни кечқурун мурожаатида айтиб ўтди. 

Фото: Picture Alliance

«1 октябрдан буён фақат Херсон областида ярим минг квадрат километрдан ортиқ ҳудуд ва ўнлаб аҳоли пунктлари Россиянинг псевдореферендумидан озод қилинди ва барқарорлаштирилди», — деди Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, «шарқий йўналишда ҳам муваффақиятлар бор». 

«Биз Запорижжя областидаги, ҳали ҳам босқинчилар назоратида бўлган ҳудудлардаги муваффақиятлар ҳақида ҳисобот берадиган кун келади. Қримни озод қилиш ҳақида ҳам гапирадиган кун келади. Бу истиқбол аниқ. Бундан ташқари, биз ҳали ҳам шу йўлдан боришимиз кераклиги аниқ, украиналиклар ҳам, бизнинг ҳамкорларимиз ҳам – эркинлик ва халқаро ҳуқуқни қадрлайдиган ҳар бир киши томонидан ҳал қилиниши керак бўлган кўп ишлар қилиниши керак», — деди Украина раҳбари.

Бундан олдин Украина Херсон областидаги 50 та аҳоли пунктини озод қилганди.

Украина қуролли кучлари Херсон областида жиддий қарши ҳужум бошлаган. Украина президенти Володимир Зеленский 2 октябр куни ҳарбийлар Ингулец дарёси бўйидаги Архангельск посёлкасини, шунингдек Миролюбовка посёлкасини озод этгани ҳақида хабар берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид