Жаҳон | 09:42 / 08.10.2022
10589
3 дақиқада ўқилади

Германия БМТ Бош ассамблеясини Украинадаги аннексияни қоралашга чақирди

Бош ассамблея Россияга ўзи қўшиб олган ҳудудлар ҳамон Украинага тегишли эканлигини кўрсатиши керак, деди Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. Мамлакат суверенитети шубҳа остига олинмайди, деди Анналена Бербок.

Фото: Picture Alliance

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок БМТ Бош ассамблеясини Россиянинг Украина ҳудудлари аннексияси ҳақида эълон қилганини қоралашга чақирди. Ҳар бир овоз БМТда «ноқонуний аннексия» бўйича режалаштирилган овоз беришда ҳисобга олинади, деди у 7 октябр, жума куни Берлинда покистонлик ҳамкасби Билавал Бҳутто Зардорий билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида.

Бербокнинг сўзларига кўра, режалаштирилган резолюция Россияга бу минтақалар ҳамон Украинага тегишли эканлигини тушунтириб бериши керак. Бу ҳужжат, шунингдек, ҳеч ким ҳеч қандай давлатнинг суверенитетини, айниқса зўравонлик орқали шубҳа остига қўйишга ҳақли эмаслигини таъкидлаши керак, деди у.

10 октябр куни БМТ Бош ассамблеяси навбатдан ташқари йиғилишида Россия президенти Владимир Путиннинг Украинанинг шарқи ва жанубидаги тўртта областни – ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган «республикаларни», шунингдек, Запорижжя ва Херсон  областларини РФга қўшиб олиш тўғрисидаги фармонини кўриб чиқади. Иштирокчилари БМТнинг 193 та давлати бўлган Бош ассамблея овоз беришига тегишли резолюция лойиҳаси киритилади.

Дунёнинг кўплаб давлатлари Россиянинг Украина тўртта ҳудудини қўшиб олиш ҳақидаги қарорини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Покистон ташқи ишлар вазири Зардорий мамлакати Бош ассамблеяда қандай овоз бериши ҳақидаги саволни очиқ қолдирди. Унинг айтишича, бу масала ҳали Покистондаги ҳукмрон коалиция ҳамкорлари томонидан келишиб олиниши керак.

Украина ва Албания ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтади. Бир ҳафта олдин БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия вето қўйгани сабабли Украина тўртта областининг Россияга қўшиб олинишини қораловчи резолюцияни қабул қила олмади. РФ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси ичида ушбу ҳужжатга қарши овоз берган ягона давлат бўлди. Кенгашнинг 10 аъзоси резолюцияни қўллаб-қувватлади, қолган тўрт нафари – Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Габон бетараф қолди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид