Жаҳон | 20:20 / 08.10.2022
25726
3 дақиқада ўқилади

Манба: Қрим кўпригидаги портлашга Украинанинг алоқаси бор 

Украина оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Қрим яриморолини Россия билан боғлаб турувчи кўприкнинг портлатилишига Украина хавфсизлик хизматининг алоқаси бор. 

Фото: РИА Новости

Қрим кўпригини портлатиш — Украина хавфсизлик хизматининг (УХХ) операцияси, деб ёзди «Украинская правда» ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб. Шунингдек, УНИАН ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таянган ҳолда, портлашга УХХ алоқадор эканини ёзди. 

Ҳозирча УХХ Қрим кўпригидаги портлаш учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади. УХХ матбуот котиби Артем Дегтяренко баёнотига кўра, идора бундай янгиликларга изоҳ бермайди. 

«Биз бу портлашда УХХ ёки Украинанинг бошқа бирор давлат идораси роли ҳақида фақат якуний ғалабамиздан сўнг фикр билдирамиз», деди Дегтяренко. 

Украина расмийлари ҳам портлашда мамлакат ҳарбийлари ёки махсус хизматлари иштирок этгани ҳақида очиқ баёнот бермади. Аввалроқ, улар Қрим кўпригини зарбалар учун қонуний нишон сифатида кўришини бир неча бор таъкидлаган эди. 

Украинанинг «Политика страны» телеграм канали ёзишича, портлаш Украинанинг махсус операцияси экани — асосий версия. Аммо, уруш эскалациясига интилаётган «Кремлдаги гуруҳлар» кўрсатмасига биноан, Россия махсус хизматлари аралашган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фитна назариясини ҳам илгари сурди. 

Ҳозирча, Украина Мудофаа вазирлиги ва УХХ портлашга алоқадорлигини расман тан олмади. Аммо улар апрель ойида «Москва» крейсерининг чўкиб кетиши ёки август ойида Қримдаги ҳарбий аэродромдаги портлашлар учун жавобгарликни ҳам дарҳол ўз зиммасига олмаганди, шу билан бирга, иштирок этганини инкор ҳам қилишмаган эди. 

Россия президенти Владимир Путин ҳодиса сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссиясини тузишни буюрди. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси юк машинасининг кўприкда портлаши бўйича жиноий иш қўзғатди. 

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қрим яриморолини Россиянинг қуруқликдаги қисми билан боғловчи кўприкда юк ортилган автомобил портлаб кетиши оқибатида иншоотга жиддий зарар етказилди. Кўприк бўйлаб темирйўл ва автомобил транспортининг ҳаракати тўхтаб қолди. Миллий антитеррористик қўмита ҳодисани қўпорувчилик ҳаракати деб баҳолади. 

Россия Тергов қўмитаси хабарига кўра, портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Уларнинг автомобили портлаб кетган юк автомобилини қувиб ўтаётганида зарба тўлқини остида қолган. 

Юк автомобилининг эгаси кимлиги ҳам аниқланди. У Россиянинг Краснодар вилоятида истиқомат қилувчи шахс бўлиб чиқди. Унинг яшаш жойида суриштирув ҳаракатлари бошланган. 

Маълумот учун, Россия 2014 йил Украинанинг Қрим яриморолини эгаллаб олгач, ҳудудни Россиянинг қуруқликдаги қисми билан боғлаш учун Керч кўпригини қурган эди. 

Мавзуга оид