Жаҳон | 18:57 / 10.10.2022
95208
9 дақиқада ўқилади

«Оғир тонг». Украина бўйлаб ҳаво зарбалари ва тревогалар қайтди. Асосий маълумотлар

Россия баҳордан буён илк бор Украинанинг йирик шаҳарлари, жумладан, Киев, Харкив ва Днепр бўйлаб бир вақтнинг ўзида зарбалар йўллади. Ҳужумлар нишони энергетика объектлари ва бошқа фуқаролик инфратузилмалари эди, зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган. Россия президенти тўғридан тўғри Қрим кўпригини тилга олмаган ҳолда шу каби диверсия ҳаракатларига жавобан янги зарбалар бўлиши билан таҳдид қилди.

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Душанба тонгида Украинанинг бутун ҳудуди бўйлаб шаҳарлар ёппасига ракета зарбаларига учради. Кўп ойлардан буён илк бор Киев маркази зарба остида қолди. Шунингдек, Лвив, Тернопил, Ивано-Франкивск, Житомир, Днепр, Харкив, Конотоп, Одесса, Кременчук ва бошқа шаҳарларда кучли портлаш овозлари эшитилди.

Ҳужумлар эрталабки тиғиз вақтда амалга оширилди. Натижада тинч аҳоли вакиллари орасида ўнлаб қурбонлар ва ярадорлар бор. Украина президенти Володимир Зеленский бутун мамлакат бўйлаб энергетика инфратузилма объектлари ва тинч аҳоли ўққа тутилганини айтди.

Кузатувчиларнинг аксари, бу зарбалар - Қрим кўпригидаги портлашлар учун ўч олишга қаратилганини айтмоқда. Буни Россия президенти Владимир Путиннинг сўзлари ҳам рад этмайди. «Бугун тонгда мудофаа вазирлиги таклифи ва Россия бош штаби режаси бўйича юқори аниқликда ва узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар билан Украинанинг энергетика, ҳарбий бошқарув ва алоқа объектларига ёппасига зарбалар берилди», деди Путин Россия Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари йиғилишида.

«Агар бизнинг ҳудудимизда террорчилик ҳаракатлари амалга оширилиши давом эттирилса, Россиянинг жавоблари кескин ва миқёс жиҳатдан Россия Федерацияси даражасига мос бўлади», дея таҳдид қилди у.

Киевга зарбалар

Киевда шаҳарнинг марказий районлари - Шевченковский ва Соломенскийдаги объектларга ҳужум қилинган. Ракеталардан бири Владимирская кўчасидаги Грушевский ҳайкали ёнида, яна бири - яқинда Владимирский нишаблигида қурилган пиёдалар кўприги ёнида портлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Киевда саккиз киши ҳалок бўлиб, 24 киши яраланган. Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, ҳужум натижасида Киевда 15 дан ортиқ автомобил шикастланган, уларнинг айримлари бутунлай ёниб кетган.

Киев мэри Виталий Кличко айрим зарбалар муҳим инфратузилма объектларига келиб тушганини айтди. Видеокадрларда ракеталардан камида биттаси болалар боғчаси атрофига - Шевченко паркига келиб тушганини кўриш мумкин. Расмийлар  Шевченко миллий университети, Ханенко музейи ва Шевченко номидаги музей ҳам шикастланганини маълум қилган.

Киев метросидаги барча линияларда поездлар ҳаракати вақтинча  тўхтатилди, станциялар бомбапанагоҳ режимида ишлай бошлади. Харкив шаҳрида ҳам метро фаолияти тўхтаган - расмийларга кўра, шаҳар бутунлай электр таъминотидан узилиб қолган.

Бутун Украина бўйлаб зарбалар

Шу вақтда Украинанинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам портлашлар содир бўлди.

Зеленскийнинг маълум қилишича, Россия Киев, Хмелницкий, Лвив, Днепропетровск, Винница, Ивано-Франкивск, Запорижжя, Суми, Харкив, Житомир, Кировоград ва бошқа областларга ҳужум қилинган.

«Оғир тонг бўлди. Террорчилар билан тўқнаш келдик. Ўнлаб ракеталар, Эроннинг «Shahed» дронлари.

Уларнинг икки нишони бор. Энергия объектлари — бутун мамлакат бўйлаб. Киевшина ва Хмелницина, Лвив ва Днепр, Винница, Франковшина, Запорижжя, Сумшина, Харкившина, Житормиршина, Кировоградшина, Жануб. Улар саросима ва тартибсизликка интилмоқда, бизнинг энергия тизимимизни йўқ қилмоқчи. Улар умидсизликка тушган.

Иккинчи нишон — одамлар. Кўпроқ зарар етказиш учун атайлаб шу вақт ва шу нишонлар танланган. Бугун бошпаналарда бўлиб туринг. Доим хавфсизлик қоидаларига риоя қилинг. Ҳамиша ёдда тутингки, Украина бу душман пайдо бўлмасидан олдин ҳам мавжуд бўлган, ундан кейин ҳам бўлади», деди президент.

Украина бош вазири Денис Шмигал бутун мамлакат бўйлаб ва пойтахт Киевда ўндан ортиқ муҳим инфратузилма объектлари шикастлангани ҳақида маълум қилган.

Украина ҳарбийлари бутун мамлакат бўйлаб 83 та ракета учирилганини қайд этган. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Украинага учирилган ракеталарнинг 41 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали урилиб туширилганини айтган.

Днепропетровск области маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко ҳам област ҳудуди ва маркази Днепр шаҳри ракета зарбаларига учраганини маълум қилди.

Лвив областида энергетика инфратузилмаси объектларига зарбалар қайд этилган. Бу маълумотни област маъмурияти раҳбари Максим Козицкий тасдиқлади. BBC мухбирлари Лвив шаҳрида портлашлар ва электр таъминотидаги муаммолар тўғрисида хабар беришган. 

Житомир областидаги энергетика инфратузилмаларига ҳам зарбалар келиб тушган.

Харкив области маъмурияти раҳбари Харкив шаҳрида портлашлар бўлгани, шундан кейин ток ўчиб қолгани ва метро тўхтаганини маълум қилган, Полтава областининг Кременчук райони ва Кировоград областининг Кропивницкий районига зарбалар берилган. Хмельницкий ва Терпопил областларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган.

«Укрэнерго» инфратузилмалар шикастлангани туфайли бутун мамлакат бўйлаб электр ўчиш ҳолатлари кузатилишидан огоҳлантирган.

Дунё ва Россияда қандай реакциялар бўлди?

«Россиянинг Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларида тинч аҳолига қарши уюштирган ҳужумларидан қаттиқ ларзага тушдим. XXI асрда бундай ҳаракатларга ўрин йўқ. Мен бу ҳужумларни энг қатъий шаклда қоралайман», деди Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича олий вакили Жозеп Боррел. «Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз. Европа иттифоқининг қўшимча ҳарбий ёрдами йўлга чиқади», дея огоҳлантирди у.

«Россиянинг Киев ва Украина бўйлаб бошқа шаҳарларга қилган даҳшатли ҳужумлари Кремлнинг умидсизлигини кўрсатмоқда. Бундай тинч аҳолига қарши тартибсиз ҳужумлар ҳарбий жиноятдир», дейилади Европа кенгаши раиси Шарл Мишелнинг баёнотида. 

«Россиянинг бутун Украина бўйлаб беҳисоб ракета зарбалари. Путиннинг ягона тактикаси - тинч украин шаҳарларига қарши террор, аммо у Украинани синдира олмайди. Бу шунингдек у билан тинчлик ҳақида гаплашишни истаётган барчага жавоб ҳам. Путин - фақат ракеталар билан гаплашувчи террорчи», дея ёзади Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Кулеба билан мулоқотдан кейин твиттер саҳифасида Россиянинг Украинадаги фуқаролик инфратузилмаларига қилган «даҳшатли ва тартибсиз ҳужумлари»ни кескин қоралади. «НАТО мардонавор украин халқини Кремлнинг тажовузига қарши қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлашда давом этади», дея ёзган у.

Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц билан G7 мамлакатларининг шошилинч йиғилишини чақириш бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Учрашувда унинг нутқ сўзлаши режалаштирилган. «Биз Россияга нисбатан босимни кучайтириш ва Украинадаги зарарланган инфратузилмаларни тиклашга ёрдам масаласини ҳам муҳокама қилдик», деган Украина президенти.

Россиялик ҳарбийлар Қора денгиздаги ҳарбий кемалардан учирган учта қанотли ракета Молдова ҳудуди орқали ўтган. «Миллий ҳаво кенглигимиз бузилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», дейилган Молдова ташқи ишлар вазирлигининг телеграм-каналида. 

Россия томонидан ракета зарбаларини биринчилардан бўлиб Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров олқишлаб чиқди, у сўнгги вақтларда Россия ҳарбий қўмондонлигини сусткашлиги учун кескин танқид қилиб келаётганди. У Путиннинг «Россия ҳали ростакамига бошламади ҳам» деган иборасини эслатиб, Қодиров шундай деган: «Мана энди мен махсус ҳарбий амалиётнинг боришидан юз фоизга қониқиш ҳосил қилмоқдаман»

2014 йилда аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов ҳам Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўлланишини олқишлади: «Махсус ҳарбий амалиётнинг биринчи кунидан бошлаб ҳар куни душманнинг инфратузилмаларини йўқ қилиш бўйича шундай ҳаракатлар олиб борилганида, биз май ойидаёқ барчасини якунлаган ва Киев режими тор-мор қилинган бўларди. Умид қиламанки, энди биз амалиёт суръатини пасайтирмаймиз».

Путин ортидан Россия мудофаа вазирлиги ҳам баёнот бериб, мамлакат қуролли кучлари Украинадаги ҳарбий қўмондонлик, алоқа ва энергетика объектлари бўйлаб узоқ масофага ҳаракатланувчи юқори аниқликдаги қуроллар билан ёппасига зарбалар йўллангани, «зарбалар нишонларга етиб боргани», «белгиланган барча объектлар зарбага учрагани»ни маълум қилди.

«Биринчи эпизод ўйналди. Бошқалари ҳам бўлади», дея ёзди Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев. RT телеканали муҳаррири ва пропагандачи Маргарита Симоньян эса Украинага қилинган ҳужумлардан хурсандлиги ҳақида твиттерида ёзди. «Қрим кўприги аввалбошдан ўша қизил чизиқ эди. Бу аён эди. Мана энди жавоб бўлди», деган у.

Мавзуга оид