22:44 / 11.10.2022
10450

Буюк Британия янги қиролига қачон тож кийдирилиши маълум бўлди

Букингем саройи Буюк Британиянинг янги қироли Чарлз Учинчига тож кийдириш маросими қачон ўтказилишини маълум қилди.

Фото: AFP / Getty Images

Тантанали тадбир 2023 йилнинг 6 май куни Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтади. Чарлз III билан бирга унинг рафиқаси Камилла қиролича-консорт сифатида тож кияди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этганидан сўнг, унинг ўғли, 73 ёшли шаҳзода Чарлз янги қирол деб эълон қилинган эди.

Анъанага кўра, янги қиролга тож кийдириш маросими зудлик билан ўтказилмайди. Чунки тадбир жуда пухта тайёргарликни талаб қилади. Қиролича Елизавета II 1952 йил февралда монарх бўлган, лекин фақат 1953 йил июн ойида тож кийган эди.

Сўнгги 900 йил давомида тож кийдириш маросими Вестминстер аббатлигида ўтказилмоқда. У ерда тож кийган биринчи монарх Уилям Фотиҳ эди, Чарлз эса қирқинчи бўлади.

Тадбир диний маросим шаклида ўтказилади. Унинг якунида Кентербери архиепископи Чарлзнинг бошига 1661 йилда соф олтиндан ясалган Авлиё Эдвард тожини кийдиради. У Лондоннинг Тауэр қалъасида сақланади. Монарх тожни фақат мана шу маросимда кияди, чунки у 2,23 кг оғирликка эга.

Чарлзнинг рафиқаси Камилла қиролича-консорт бўлади (инг. consort - «шерик, ҳамроҳ») - бу Букингем саройининг Елизавета II вафотидан кейин берилган баёнотида алоҳида таъкидланган. Ворислик тамойилига кўра, Камилла келажакда тахтга даъвогарлик қила олмайди, шу туфайли, Чарлзнинг ҳамроҳи, қиролича-консорт ҳисобланади.

73 ёшли Чарлз Британия тарихида тахтга ўтирган энг кекса инсон бўлди. Бунгача энг кекса қирол Уилям IV бўлган. 1830 йилда тахтга ўтирганида у 64 ёшда эди ва 71 ёшда вафот этди.

Top