22:17 / 11.10.2022
36278

Қозоғистон президентлигига 12 киши номзоди қўйилди

11 октябрь куни Қозоғистонда президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни якунланди.

Фотоколлаж: Tengrinews.kz

Марказий сайлов комиссияси томонидан қуйидаги номзодлар рўйхатга олинди (ҳужжат топшириш тартиби бўйича):

1. Жигули Дайрабоев, 68 ёшда, «Овул» партиясидан номзоди қўйилган. «Атамекен» партияси президиуми қошидаги Агросаноат мажмуаси қўмитаси раиси ва Қозоғистон фермерлар уюшмаси раиси.

2. Қосим-Жўмарт Тўқаев, 69 ёшда, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг халқ коалицияси томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилди. Қозоғистоннинг амалдаги президенти.

3. Нурлан Ауесбаев, 65 ёшда, Умуммиллий социал-демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилди.

4. Мейрам Кажикен, 61 ёшда, рўйхатдан ўтмаган «Yntymaq» партияси раҳбари, «Аманат – Қозоғистон касаба уюшмалари ҳамдўстлиги» томонидан номзоди қўйилди.

5. Каракат Абден, 48 ёшда, бўлажак сайловларда биринчи аёл номзод, Профессионал ижтимоий ишчилар миллий альянсидан номзоди қўйилди. Президент ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия аъзоси.

Марказий сайлов комиссиясига ҳужжат топширган, бироқ номзоди рўйхатга олиш жараёнида бўлганлар:

1. Талгат Ергалиев, «Қозоғистон қурувчилар иттифоқи» юридик шахслар бирлашмасидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган. Ҳозирча Талгат Ергалиев қозоқ тили бўйича имтиҳон топширмаган.

2. Салтанат Турсинбекова, «Қазақ аналари – дастурге жол» жамоат бирлашмасидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган. Олий судда ишлаган, Остона шаҳар жамоат кенгашининг фаол аъзоси, шунингдек, «Оилавий зўравонликсиз Қозоғистон» лойиҳаси раҳбари.

3. Нуржан Алтаев, 44 ёшда, собиқ депутат. «Муққалмас» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан номзоди кўрсатилган.

4. Жуматай Алиев, 70 ёшда, «Халқ демографияси» жамоат бирлашмаси томонидан мамлакат президентлигига номзоди кўрсатилган. Қозоғистон халқи ассамблеясидан бешинчи чақириқ парламент Мажилиси депутати бўлган.

5. Хайрулла Габжалилов, 72 ёшда, «Ўролманлар ассоциацияси» нодавлат ташкилоти томонидан номзоди кўрсатилган. Қозоғистон миллий валютаси – тенгени ишлаб чиққан дизайнерлар гуруҳи аъзоси бўлган.

6. Бахит Жанабаев, 46 ёшда, «Қозоғистон футбол мухлислари лигаси» жамоат бирлашмаси томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган. Астана шаҳар давлат даромадлари департаментида ишлайди.

7. Фотима Бизакова, «Амалий психология» Республика жамоат бирлашмасидан номзоди кўрсатилган.

Президентликка номзодлар сайловчилар умумий сонининг камида бир фоизи томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Қозоғистон Республикасида 2022 йил 1 июль ҳолатига сайловчиларининг умумий сони 11 миллион 827 минг 277 нафарни ташкил этади. Шундай қилиб, президентликка номзод камида 118 273 сайловчи имзосини тўплаши лозим.

Қозоғистонда муддатидан олдинги президент сайлови 2022 йил 20 ноябрга белгиланган. 21 октябрдан сайловолди ташвиқоти бошланади, у 28 кун давом этади. 19 ноябр - сукунат куни.

Янги қонунчиликка кўра, президент фақат бир маротаба етти йиллик муддатга сайланади. Қайта сайлаш тақиқланади.

Top