10:03 / 11.10.2022
5662

Швеция Россияга «Шимолий оқим» бўйича текширув натижаларини бермайди

Швециянинг «Шимолий оқим» қувурларига етказилган зарар сабаблари бўйича ўтказилган суриштирув натижалари махфий, бироқ ҳар бир давлат ўз текширувини ўтказишга ҳақли, деди бош вазир Магдалена Андерссон.

Фото: Insider

Швеция Россияга қиролликнинг махсус иқтисодий зонасида содир бўлган «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларига етказилган зарар сабабларини ўрганиш натижаларини тақдим этишдан бош тортди. Бош вазир Магдалена Андерссоннинг 10 октябр, душанба куни журналистларга маълум қилишича, Швецияда суриштирувлар «махфий» ҳисобланади ва бу иш учун ҳам амал қилади.

Ҳар бир давлат ўз терговини ўтказишда эркин, дея қўшимча қилди сиёсатчи ўраб олинган воқеа жойи атрофи очиб қўйилганига ишора қилиб. Россия бир неча бор Дания ва Швециянинг «Шимолий оқим» бўйича терговига қўшилиш истагини билдирган.

Айни пайтда, Германияда 10 октябрдан буён Федерал прокуратура бу ишни тергов қилмоқда. Маҳкама вакилининг сўзларига кўра, «ҳар иккала қувур тармоғи ҳам камида иккита портлаш оқибатида атайлаб шикастлангани ҳақида етарли далиллар мавжуд». Федерал прокуратура бу энергетика инфратузилмасига жиддий ҳужум бўлиб, мамлакат хавфсизлигини хавф остига қўйганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Германия адлия вазири Марко Бушман немис расмийлари европалик ҳамкорлар билан биргаликда бу қўпорувчилик учун ким жавобгар эканлигини аниқлашига ишонтирди. «Биз «Шимолий оқим» газ қувурларига қилинган ҳужумдан қўрқиб ўтиришимизга йўл қўймаймиз», — деди у журналистларга.

26 сентябрга ўтар кечаси Даниянинг Борнҳолм ороли яқинидаги Дания ва Швеция махсус иқтисодий зоналарида «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларига шикаст етганлиги аниқланди. Аввалроқ Скандинавиядаги икки давлат сейсмологлари ушбу ҳудудда сув остидаги портлашларни қайд этган эди.

Газ қувурларининг шикастланиши натижасида бошланган газ сизиб чиқиши октябрь ойи бошида тўхтади. 9 октябр куни Германия ҳодиса сабабларини текширишни бошлади: шу куни Германия ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемаси ғаввослар билан Борнҳолм оролига йўл олди, улар қувурларга етказилган зарарни ҳужжатлаштириши керак.

Top