Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Шимолий оқим» диверсияси: Украина фуқароси қамалиши мумкин
Германия прокуратураси «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим–2» газ қувурлари портлатилиши бўйича тергов доирасида биринчи марта расмий айблов эълон қилди. Айбланувчи сифатида Украина фуқароси Сергей К. кўрсатилган бўлиб, унга фуқаролик энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш ва диверсия уюштириш каби бир қатор оғир жиноятлар юкланмоқда.
Германия бош прокурори Йенс Роммел Украина фуқароси Сергей К.га нисбатан «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим–2» газ қувурларидаги портлашлар юзасидан расмий айблов қўйди. Бу ҳақда ARD телеканали, шунингдек, Süddeutsche Zeitung ва Die Zeit нашрлари хабар қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Сергей К. фуқаролик энергетика инфратузилмасига ҳужум уюштиришда айбланмоқда. Германия прокуратураси бу ҳаракатни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳарбий жиноят деб баҳолаган. Шунингдек, унга портловчи моддалардан фойдаланиб диверсия содир этиш ва муҳандислик иншоотини вайрон қилиш айблари ҳам қўйилган.
Тергов версиясига кўра, Сергей К. диверсантлар гуруҳига раҳбарлик қилган ҳамда 2022 йилда портлаш содир этилган жойга портловчи моддаларни етказишда фойдаланилган деб ҳисобланаётган Andromeda елканли яхтасини бошқарган.
Германия Федерал жиноят полицияси ва Федерал полицияси ходимлари ушбу яхтада ўтказилган экспертиза вақтида ҳарбий мақсадларда қўлланадиган гексоген ва октоген портловчи моддалари аралашмасининг изларини аниқлаган.
Иш бўйича дастлаб жами етти нафар гумонланувчи текширилган. Улардан бири тергов жараёни давомида Украинадаги урушда ҳалок бўлган.
Сергей К. 2025 йил ёзида Италияда таътил пайтида қўлга олинган. Ҳозирда у Германиянинг Ҳамбург шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
ARD, Süddeutsche Zeitung ва Die Zeit маълумотларига кўра, терговчилар тўплаган далиллар айбловни қўллаб-қувватлаш учун етарлича кучли ҳисобланмоқда. Хабарларга кўра, Сергей К. Италияда ҳибсда бўлган вақтда қариндошларига қилган телефон қўнғироғида газ қувурлари портлатилишига алоқадорлиги ҳақида гапирган. Шунингдек, унинг мобил телефонидан ҳам қатор айблов далиллари топилган.
Германия Федерал суд палатаси маълумотига кўра, Сергей К. Украина Қуролли кучларининг элита бўлинмаларидан бирида офицер лавозимида хизмат қилган. Суднинг 2025 йил декабрдаги хулосасида диверсия эҳтимол катта даражада хорижий давлат буюртмаси билан махсус хизматлар операцияси сифатида амалга оширилгани қайд этилган. Ҳужжатда операция учун масъулият Киевдаги давлат идоралари зиммасига юклатилган.
2022 йил сентябр ойи охирида Болтиқ денгизида Россиядан Германияга тортиб келинган «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим–2» газ қувурларининг тўрт тармоғидан учтаси портлатилган эди. Ўша вақтда улар орқали газ етказиб берилмаётган бўлган. «Шимолий оқим» Россия томонидан портлашлардан олдин тўхтатилган, «Шимолий оқим–2» эса Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан умуман ишга туширилмаган.
Қувурларнинг битта тармоғи бутун қолган. Кейинчалик Россия президенти Владимир Путин ушбу тармоқ орқали газ етказиб беришни таклиф қилган, аммо Германия бу таклифни рад этган. Портлашлар учун ҳозиргача ҳеч қайси томон расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Россия эса бу воқеада АҚШ ва Буюк Британияни гумон қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йил май ойида Германиянинг Sefe компанияси — «Газпром»нинг собиқ шуъба корхонаси — «Шимолий оқим» қувурига хизмат кўрсатган газ иссиқлик электр станциясини ҳуманитар ёрдам сифатида Украинага топширишини маълум қилган.
Мавзуга оид
14:27 / 04.02.2026
Ҳамбургда “Шимолий оқим” иши бўйича гумонланувчининг шикоятларига жавоб берилди
11:45 / 16.01.2026
“Шимолий оқимлар”: Германияда украин фуқароси ҳибсда қолдирилди
19:54 / 22.12.2025
Украина разведкаси Липецкда икки қирувчи ёқиб юборилганини маълум қилди
09:17 / 12.11.2025