Жаҳон | 15:43 / 12.10.2022
2887
2 дақиқада ўқилади

Литва Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлади

Литва Мудофаа вазирлиги Украина билан биргаликда НАТО Россия агрессиясига самарали қарши тура олишига ишонади.

Фото: Reuters

Литва Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига киришини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Литва мудофаа вазири ўринбосари Маргирис Абукевичюс 12 октябр, чоршанба куни Брюсселда очилган иттифоққа аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилишидан олдин Die Welt газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Абукевичюснинг фикрича, Украина иштирокида НАТО Россия агрессиясига қарши тура олади. «Сўнгги етти ой ичида Украина ўзини Россиядан самарали ҳимоя қила олишини ва Москванинг экспансионизми ва ревизионизмини жиловлай олишини кўрсатди, - деди сиёсатчи. - Литва Украинанинг иттифоққа аъзо бўлишини ҳар доим олқишлаб келган. Украина евроатлантика ҳамжамиятига тегишли», деди у.

Брюсселдаги йиғилишда НАТО вакиллари Украинани Россия босқинига қарши курашда кейинги қўллаб-қувватлаш, жумладан, Украина армияси учун қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқда. 

30 сентябр куни Донецк, Луҳанск, Херсон областлари ҳамда Запорижжя ҳудудлари аннексия қилинганидан кейин Украина тезлаштирилган асосда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. «Де-факто, биз аллақачон НАТОга йўлни босиб ўтдик. Де-факто, биз аллақачон Шимолий Атлантика альянси стандартларига мувофиқликни исботлаб бердик. Улар Украина учун реал ҳолатга айланди - жанг майдонида ва ўзаро муносабатларимизнинг барча жабҳаларида. Биз бир-биримизга ишоняпмиз, ёрдам беряпмиз, ҳимоя қиляпмиз. Бу - Шимолий Атлантика альянси», — дея таъкидлади Украина президенти Володимир Зеленский ариза ҳақида эълон қилар экан. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид