Жаҳон | 16:42 / 15.10.2022
18335
2 дақиқада ўқилади

Украина ўзининг Херсон областини Россиядан қайтариб олиш учун ҳужум бошлади

Фото: AP

Херсон области оккупацион «маъмурияти» раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов ўзининг Telegram-каналида Украина Қуролли кучлари «Дудчани-Берислав ҳудудига ҳужум уюштиришга уринганини» маълум қилди. 

У бу ҳақда эрталаб Россия телевидениесидаги «Соловьев Live» дастурида эълон қилди ва «аввалдан кутилган фаол босқич» бошланганини билдирди. 

«Расмий» яна бир бор Украина Қуролли кучларининг аннексия қилинган ҳудудларни озод қилишга уринишлари қайтарилишини таъкидлади, аммо шундан сўнг у Херсон области аҳолисига «гуманитар ёрдам имкониятидан фойдаланиб, Россия Федерациясига дам олиш ва соғломлаштириш учун йўл олишни» маслаҳат берган яна бир постни эълон қилди. 

Бундан олдин БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украина тўртта ҳудудини аннексия қилганини қораловчи резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилганди. 

«Украинанинг ҳудудий яхлитлиги. БМТ низоми тамойилларини ҳимоя қилиш» ҳужжати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР», «ЛХР», шунингдек, Россия томонидан босиб олинган Запорижжя ва Херсон областлари ҳудудларида ўтказилган «референдумлар»ни тан олмайди. 

Таъкидланишича, сохта референдумлар юридик кучга эга эмас ва бу ҳудудларнинг мақомини ўзгартириш, жумладан, Россияга қўшиб олиш учун асос бўла олмайди.

Резолюцияни 143 давлат вакиллари қўллаб-қувватлади, 35 таси бетараф қолди. Яна беш давлат – Россия, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Никарагуа бунга қарши чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид