Жаҳон | 15:55 / 17.10.2022
5099
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага 500 млн евро миқдорида ёрдам беришини эълон қилди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага 500 миллион евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. 

Фото: AP

Шунингдек унинг маълум қилишича, 15 минг украиналик ҳарбий хизматчи Европа иттифоқи мамлакатларида ўқитилади

Ташқи ишлар вазири Украина шарқида Россия томонидан ноқонуний равишда аннексия қилинган ҳудудлардан одамларни озод қилиш зарурлигига эътибор қаратди. 

Унинг сўзларига кўра, у ерда ўз ватанига қарши чиқишдан бош тортган масъул шахслар совуққонлик билан отиб ташланяпти. 

«Киев областида кузатилаётган учувчисиз учар қурилмалар - дронлар ҳужумлари бу уруш қандай шафқатсизлик билан давом этаётганини яққол кўрсатиб турибди», дея маълум қилди Анналена Бербок.

Бундан олдин АҚШ Украинага яна 725 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратганди.

Янги пакетнинг бир қисми сифатида Украина HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ) учун қўшимча снарядлар, 23 000 та артиллерия снарядлари, 500 та юқори аниқликдаги артиллерия снарядлари ва бошқаларни олади.

Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузи бошланганидан бери Қўшма Штатлар Киевга 17,6 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам ажратди, дея маълум қилди Пентагон. Жорий етказиб бериш Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўз ичига олмайди, чунки пакет Украинанинг қарши ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган, дея таъкидлайди Reuters.

Мавзуга оид