Ўзбекистон | 12:16 / 17.10.2022
6993
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳарорат пасайиб, ёғингарчилик кузатилади

Бугун Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйидан Россия Европа қисми (Москва области) марказий ҳудудлари устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади. 

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кун давомида, Фарғона водийси вилоятларида эса кечга томон баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади.

Қорақалпоғистон Республикасида, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Шимолда ва чўл ҳудудларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Кундуз куни ҳаво ҳарорати 20-25 даража иссиқдан ошмайди.

Эртага Туркманистондан булутларнинг кейинги қисми кириб келишида жанубий марказий ва шарқий туманларда ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон Республикасида, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Республика барча ҳудудлари бўйича шамол 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси 5-10 даражагача пасаяди, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Чоршанба куни республиканинг катта қисмида ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида кучли бўлади, баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Фақат Қорақалпоғистон Республикасида ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 5-8 даражагача илиқ, шимолда баъзи жойларда 0-2 даражагача совуқ, кундузи 13-18 даража илиққача пасаяди.

Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Кечалари ҳаво ҳарорати минимал даражага етади ва 3-5 даража илиқ атрофида бўлади, қуёш нурлари иситиши натижасида кундуз кунлари 17-22 даража илиққача кўтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид