18:47 / 17.10.2022
30644

Shahed ови. Киевга эрталабки дронлар ҳужумини гувоҳлар қандай эслайди?

Душанба куни, бир ҳафта олдин бўлгани каби киевликларни портлашлар ва ҳаво ҳужуми тревогалари уйғотди.

Фото: Getty Images

Аммо бу сафар пойтахтнинг марказий районларида истиқомат қилувчилар янгича овозларни ҳам эшитишди - эски мопед двигателидан чиқувчи товушга ўхшаш визиллаган баланд овозни.

Зеленскийнинг офиси Россия армияси Киевга эронликларнинг камикадзе дронлари билан ҳужум қилганини тасдиқлади.

Украина пойтахти мэри Виталий Кличко камида тўртта портлаш тўғрисида хабар берди. Шевченково районида рўй берган портлаш оқибатида тарихий турар жой биноси вайрон бўлган. Мэрнинг сўзларига кўра, харобалар остидан 18 киши чиқариб олинган.

Воқеа жойида бўлган BBC мухбири қутқарувчилар харобалар остидан одамларни қандай чиқариб олишаётганига гувоҳ бўлган, кун давомида бу ерда тўрт киши ҳалок бўлгани маълум бўлди, уларнинг икки нафари ёш жуфтлик бўлиб, аёл олти ойлик ҳомиладор эди. 

Roman Petushkov / Reuters / Scanpix / LETA

«Эски мопед товуши»

Киевлик Олег 17 октябр ҳам бир ҳафта олдин бўлгани каби бошланганини айтади.

Олег Лукьяновкада яшайди - бу Киев марказидан бир неча километр масофадаги тарихий район. У ерда Киевдаги бир қанча олий таълим муассасалари ётоқхоналари ҳам жойлашган.

Биринчи портлаш овозини Олег соат 6.40 да темирйўл вокзали томондан эшитади. Айтишича, бундай овозларга кўникиб кетган чақалоғи уйғонмаган ҳам.

Аммо 10-15 дақиқа ўтиб ташқаридан янгича овозлар эшитила бошлаган - бу ўқотар қуроллар овози эди.

«Яна бир янгича овоз - эски мопед овози эди - ва биз тушундикки, Shahed учун ов кетмоқда. Бола онаси билан ваннахонага югурди, мен эса ойнадан қарадим. Чиндан ҳам 100 метр масофадан дрон учиб ўтаётганди. Ажабланарли, аммо кўтарилаётган қуёш нурларида у қора эмас, балки ёрқин сариқ рангда эди. Лаҳза ўтмай портлаш овозлари янгради. Уйимдан тахминан 2 км масофада», - дея ҳикоя қилади Олег.

Унинг тасдиқлашича тонгда Киевнинг Шевченково районида шу каби яна тўрт ёки беш портлаш овози эшитилган.

Фото: Getty Images

«Ва бошланди: биринчиси, иккинчиси, учинчиси»

«Соат 6:20 да сирена овозлари янграй бошлади. Мен ҳали тўшакда ётгандим ва тушуна олмасдим - бу хаёлимдами ёки ҳақиқат. Тезда ёстиқ ва адёлни ваннахонага олиб ўтдим», - дея эслайди киевлик Оксана.

Оксана осмондаги баланд ва ёқимсиз товушни тасвирлайди - бу эрта тонгда Киевга ҳужум қилган дронлардан чиқарди. Кейин уларга қарата ўт очилгани ва кучли портлаш рўй бергани овозлари эшитилади.

«Вазият таҳликали ва тушунарсиз эди. Кучим йўқ эди. Бу жуда қўрқинчли», дейди шаҳар марказида яшовчи Оксана.

Фото: Getty Images

«Жуда баланд товуш»

«Мен тонгда туриб қаҳва қайнатаётганимда портлашлар овозини эшитдим. Овоз ўтган душанбада берилган ракета зарбалари вақтидаги каби эди. Барча йўлакка югурди. Кейинроқ «мопед дириллаши» ва унга қандай ўт очишаётгани эшитилди», дея ҳикоя қилади Дмитро.

«Бу сафар жуда баланд эди», дея қўшимча қилган у.

Фото: Getty Images

Автоматлар ва сигнализация

Киев марказида бўлиб турган BBC мухбири Пол Адамснинг аниқлик киритишича, портлашлар соат 06:30 атрофида бошланган ва жами беш марта портлаш бўлган. Сўнггиси - соат 08:10 атрофида.

Иккитаси Украина пойтахти марказига жуда яқин жойда содир бўлган: бу ерларда портлашлар ортидан сиреналар ва автомобиллар сигнализацияси овозлари янграган.

Ҳарбийлар дронларни оддий автомат орқали уриб туширишга уринганида киевликлар ўқ овозларини ҳам эшитишган. Ижтимоий тармоқларда бундай йўл билан дронни тўхтатиш билан боғлиқ камида битта ҳолат видеоси тарқалди.

Россия ҳарбийлари дронлар орқали айнан қандай нишонларга зарба беришни режалаштиргани охиригача маълум эмас. Киев мэриясидагилар ҳужумлар оқибатида турар жойлар ва нотурар жойлар шикастлангани ҳақида маълум қилди. Темирйўлчиларнинг сўзларига кўра, Киев-Пассажирский вокзали атрофида ҳам портлашлар рўй берган.

Украина қуролли кучлари авиацияси қўмондонлиги вакили Юрий Игнатнинг маълум қилишича, сўнгги кун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали россияликлар Украинада қўллаган 43 та камикадзе дрондан 37 таси уриб туширилган.

Пол Адамс россияликларнинг сўнгги вақтлардаги ҳужумлари Украина энергетика инфратузилмасига қаратилганига эътибор қаратади. Афтидан, душанба тонгидаги зарбалар ҳам Украина пойтахтидаги ҳаётни таъминлаш учун муҳим бўлган хизматлар фаолиятини издан чиқаришни мўлжаллаган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top