Аммо бу сафар пойтахтнинг марказий районларида истиқомат қилувчилар янгича овозларни ҳам эшитишди - эски мопед двигателидан чиқувчи товушга ўхшаш визиллаган баланд овозни.

Зеленскийнинг офиси Россия армияси Киевга эронликларнинг камикадзе дронлари билан ҳужум қилганини тасдиқлади.

Украина пойтахти мэри Виталий Кличко камида тўртта портлаш тўғрисида хабар берди. Шевченково районида рўй берган портлаш оқибатида тарихий турар жой биноси вайрон бўлган. Мэрнинг сўзларига кўра, харобалар остидан 18 киши чиқариб олинган.

Воқеа жойида бўлган BBC мухбири қутқарувчилар харобалар остидан одамларни қандай чиқариб олишаётганига гувоҳ бўлган, кун давомида бу ерда тўрт киши ҳалок бўлгани маълум бўлди, уларнинг икки нафари ёш жуфтлик бўлиб, аёл олти ойлик ҳомиладор эди. 

Roman Petushkov / Reuters / Scanpix / LETA

«Эски мопед товуши»

Киевлик Олег 17 октябр ҳам бир ҳафта олдин бўлгани каби бошланганини айтади.

Олег Лукьяновкада яшайди - бу Киев марказидан бир неча километр масофадаги тарихий район. У ерда Киевдаги бир қанча олий таълим муассасалари ётоқхоналари ҳам жойлашган.

Биринчи портлаш овозини Олег соат 6.40 да темирйўл вокзали томондан эшитади. Айтишича, бундай овозларга кўникиб кетган чақалоғи уйғонмаган ҳам.

Аммо 10-15 дақиқа ўтиб ташқаридан янгича овозлар эшитила бошлаган - бу ўқотар қуроллар овози эди.

«Яна бир янгича овоз - эски мопед овози эди - ва биз тушундикки, Shahed учун ов кетмоқда. Бола онаси билан ваннахонага югурди, мен эса ойнадан қарадим. Чиндан ҳам 100 метр масофадан дрон учиб ўтаётганди. Ажабланарли, аммо кўтарилаётган қуёш нурларида у қора эмас, балки ёрқин сариқ рангда эди. Лаҳза ўтмай портлаш овозлари янгради. Уйимдан тахминан 2 км масофада», - дея ҳикоя қилади Олег.

Унинг тасдиқлашича тонгда Киевнинг Шевченково районида шу каби яна тўрт ёки беш портлаш овози эшитилган.