Жамият | 11:04 / 18.10.2022
35781
2 дақиқада ўқилади

Қатортолда танишган 18 ёш қизни бўғиб ўлдирган йигит 12 йилга қамалди

17 октябр куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг очиқ суд мажлисида судя Темур Юсупов раислигида қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда айбланган – 1999 йилда туғилган судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Ҳеч қандай фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган судланувчи жиноят йўлига кириб, қасддан одам ўлдирган. У жорий йил 26 майдан 27 майга ўтар кечаси тунги соат 01:30 ларда Чилонзор тумани, Қатортол-Ал Хоразмий кўчасида ўзини Зуля деб таништирган, аслида исми бошқа бўлган 2003 йилда туғилган қиз билан танишади. У билан 600 000 сўм эвазига эрталабгача ўз эҳтиёжини қондириш учун келишади. Қизни Шайхонтоҳур туманидаги хонадонга олиб бориб, у ерда қиз билан кўзлаган ишини қилади.

Шундан сўнг, судланувчи спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда ўрталарида келиб чиққан оғзаки жанжал оқибатида қизнинг унга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатганлигидан қаттиқ ғазабланади. Аёл киши фаол қаршилик кўрсатишга қодир эмаслигини тўлақонли тушунган ҳолда кўрпача устида ожиз аҳволда ётган ҳолатида бўйин соҳасидан қўллари билан бўғиб, уни қасддан ўлдирган. Қўрқиб кетганидан жасадни кортон қутига солиб жарга ташлаган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг ўлими юқори нафас йўлларининг юмшоқ жисм билан беркилиши ва бўйин аъзоларининг сиқилиши оқибатида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз берган. Судланувчи эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, сўнгги сўзида воқеа маст ҳолатдалида бўлгани, ҳозир қилмишидан пушаймон экани, енгиллик беришни сўраб мурожаат қилди.

Шундан кейин суд ҳукми ўқилди ва қотил 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид