Жаҳон | 11:56 / 19.10.2022
7447
2 дақиқада ўқилади

КХДР Жанубий Корея билан чегара яқинида артиллерия машқлари ўтказди

Шимолий Корея Корея Республикаси чегаралари яқинидаги буфер зоналарга тушган 250 га яқин артиллерия снарядларини отди. Сеул Пхенянни 2018 йилги Кореялараро келишувни бузганликда айблади.

Фото: Rodong Sinmun

Шимолий Корея Жанубий Корея билан денгиз чегаралари яқинида 18 октябр оқшомида, Сеул йиллик ҳарбий машғулотларини бошлаган куннинг эртасига 250 га яқин артиллерия снарядларини отди. Снарядлар отилгани ҳақида 19 октябр, чоршанба куни Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси хабар берди.

Корея Республикаси ҳарбийлари снарядлар Жанубий Кореянинг ҳудудий сувларига тушмаганини, икки давлат ўртасидаги кескинликни камайтиришга қаратилган 2018 йилда Кореялараро келишув асосида ташкил этилган буфер зоналарга текканини хабар қилди.

Бу 2018 йилдаги келишувларнинг энг жиддий тўғридан тўғри бузилиши қайд этилган 14 октябрдан буён бундай ўққа тутишнинг иккинчи ҳолатидир.

Жанубий Корея ҳарбийлари Пхенян Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи провокацияларни тўхтатиши кераклигини айтди. Сеул ўзининг жанговар тайёргарлигини ошираётганини ва Қўшма Штатлар билан келишилган ҳолда Шимолий Корея ҳаракатларини диққат билан кузатиб бораётганини қўшимча қилди.

Шимолий Корея вакили, ўз навбатида, Жанубий Корея ҳарбийларини 17 октябр куни 12 кунлик дала машғулотлари бошлангани учун танқид қилиб, бу манёврларни босқинчилик учун репетиция деб атади. Жанубий Корея мудофаа вазирлиги машғулотлар Шимолий Кореянинг турли провокацияларига қарши туриш учун оператив имкониятларни оширишга қаратилганини, шунингдек, жорий йилда америкалик аскарларнинг ҳам манёврларга жалб этилишини маълум қилди. Бироқ, уларнинг сони кўрсатилмаган.

Корея яриморолидаги кескинликнинг янги кучайиши фонида ўтган ҳафта Жанубий Корея сўнгги беш йил ичида биринчи марта Пхенянга қарши санкциялар жорий қилди. Қора рўйхатга КХДРнинг Шимолий Корея ракета дастурига алоқадор 15 нафар фуқароси ва 16 та муассасаси киритилган.

Мавзуга оид