Ўзбекистон | 19:19 / 20.10.2022
17550
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ислом молияси бўйича минтақавий ҳабга айланиши керак

Исломий молия – халқаро молия саноатининг энг тез ривожланаётган соҳасидир. У экспоненциал ўсяпти, кенг ёйиляпти, унга қизиқиш мисли кўрилмаган даражада ортяпти.

Ҳозирги кунда Ислом молияси ҳаблари ўлароқ Кўрфаз давлатлари ҳамкорлиги кенгаши (GCC), Эрон, Малайзия ва Индонезия давлатлари халқаро молия бозорида ўз мавқейини мустаҳкамлаб бормоқда. Улар кўплаб давлатлар молия бозорида исломий молия секторини ривожлантирмоқда, хизматларни йўлга қўймоқда, катта миқдорда молиявий ресурсларни ҳаракатлантирмоқда.

S&P Global Ratings маълумотларига кўра, кўплаб мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши суръати аввалгидан паст бўлиши кутилаётганига қарамай, исломий молия сектори кейинги икки йил ичида 10-11 фоизга ўсишда давом этиши кутилмоқда.

Кун сайин ривожланаётган исломий молия бозори анъанавий молия бозорининг муҳим қисмини эгаллаяпти. Бу бозорда йирик ўйинчилар мавжуд бўлиб, улар минтақалараро янги бозорларга кириб боришда рақобат қилишяпти.

Айтиш керакки, бу рақобатда халқаро молия институтлари ҳам иштирок этишмоқда ва Ислом молияси бўйича ўз хизматларини таклиф этишмоқда. Зеро бу соҳада фойдаланилмаган имкониятлар талайгина: исломий молия бозори янги молиявий ресурслар манбаи ва муқобил маҳсулотлар ва хизматлар бозорига айланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда исломий молия бозорининг МДҲ давлатларида ҳам ривожланаётганини кузатиш мумкин. Хусусан, бир-бирини яхши билган, дўстона алоқаларга эга Марказий Осиёда давлатларида ҳам. Ва бу минтақада Ўзбекистон исломий молия ҳабига айланиши мумкин.

Нега Ўзбекистон?

Мусулмонлар кўп яшовчи ўлка

Ўзбекистон аҳоли сони бўйича Россия Федерацияси ва Украинадан кейин МДҲда учинчи ўринда туради (35,8 млн киши). Ўзбекистонда Ислом динига эътиқод қилувчилар аҳолининг 96 фоизидан ортиғини ташкил қилади ва МДҲ давлатлари ичида энг кўп мусулмонлар яшайдиган давлат ҳисобланади.

Мусулмонлар салмоғининг кўплиги ушбу ҳудудда исломий молияга бўлган талаб юқори эканига етарлича далил бўлиб, бу соҳа ривожи маҳсулотлар ва ҳизматлар бозорининг ривожланишига, мамлакатга инвесторлар келишига хизмат қилади.

Дўстлик ва яхши қўшничилик сиёсати

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – атроф давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш, тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ҳисобланади. Ўзбекистон деярли барча МДҲ давлатлари билан стратегик дўстлик ва илиқ дипломатия алоқаларини йўлга қўйган. Ислом молияси тамойиллари эса ўзаро ишонч ва дўстлик, аҳдга вафо, ҳалоллик каби кўникмаларни, ишончли икки ва кўп томонлама ҳамкорлик қилиш асосларини мустаҳкамлайди.

Географик жойлашув

Ўзбекистон аҳолиси асосан мусулмон бўлган Марказий Осиёнинг марказида жойлашган. Бу давлатлар ўртасида Ислом молия бозорининг интеграциялашувида ва ривожланишида асосий иштирокчига айлана олади.

Илмий потенциал

Мамлакатда Ислом молияси назарияси ва амалиётини илмий йўлга қўйиши мумкин бўлган Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро Ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро ҳадис илми маркази, Мир араб мадрасаси, Кўкалдош мадрасаси каби бир неча машҳур мадрасалар ва таълим масканлари мавжуд.

Шу билан бирга, мамлакатимизда ахборот технологиялари, дастурлаш ҳамда IТ-соҳасини ривожлантириш бўйича IT-парклар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Олий таълим муассасаларида Ислом молияси ва иқтисодиёти йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Кутиладиган натижалар

Банк ва молия

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 96 (34 млн аҳоли) фоизини мусулмонлар ташкил қилиши, Ўзбекистонда исломий молия ва банкчиликка бўлган талабнинг мавжудлигидан далолат беради. Диний эътиқодлари туфайли анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни истамаган аҳоли қатлами учун Исломий молиялаштириш тамойилларига асосланган банк ва молия хизматлари таклиф этилиши, бу Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши ва ички инвестиция ҳажмининг ортишига сабаб бўлади.

Аммо шуни алоҳида такидлаш жоизки, Ислом молияси фақат мусулмонлар учун эмас, балки у барча инсоният учун ҳизмат қиладиган тизимдир. Ҳозирги кунда Ислом молияси ҳизматларидан фойдаланаётган мусулмон бўлмаганлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда Ислом молияси ривожланиши ва унинг келгусида Ислом молияси ҳабига айланиши учун яратиладиган шарт-шароитлар нафақат Ўзбекистон учун, балки МДҲ давлатларида ҳам ислом банк иши, капитал бозори, суғурта (такафул) ва қайта суғурталаш (ретакафул), нобанк институтлари, ислом ижтимоий молияси, исломий финтек, ҳалол сектор бўйича тажриба алмашиш ва ҳизмат кўрсатишда ҳамда исломий молияси бўйича ўқитиш ва кадрлар тайёрлашда кўмак берадиган марказга айланишида муҳим ўрин тутади.

Маълумот учун, Малайзия Жануби-Шарқий Осиёда Ислом молияси ҳаби ҳисобланади; мамлакатда ҳам анъанавий, ҳам исломий банк ва молия тизими ривожланган, аҳолиси 33 млн киши (63,5 фоизи мусулмон), майдони 330,3 минг кв км 2020 йил ҳолатига Ислом банки активларининг жами банк активларидаги бозор улуши 34,2 фоизни (264 млрд доллар) ташкил қилган. Мамлакатда 2015 йил ҳолатига 1 млрд долларлик Вақф ерлари мавжуд бўлиб, 2019 йилда тахминан 650 млн долларлик закот йиғилган.

Туризм

Ҳалол туризмга қизиқиш халқаро сегментда мусулмон сайёҳларнинг кўпайиши туфайли оммалашиб бормоқда. Мусулмонлар саёҳат бозори жаҳон саноатида жадал ривожланмоқда. Тадқиқотларга кўра, халқаро мусулмон саёҳатчилар сони 2022-2023 йилга бориб 168 миллионга етиши, туризмдан 255 млрд доллардан ортиқ даромад олиниши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг мусулмонлар учун жозибадор зиёрат туризм маскани эканини ҳисобга олсак, бу бозорнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги улуши ортиб бориши имконияти жуда катта. Ислом молиясининг ривожланиши эса ушбу секторнинг равнақ топишида маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг мамлакатга инвестиция қилиш қизиқишини орттиради.

Хулоса

Ўзбекистон исломий молия бўйича минтақавий ҳабга айланиши мамлакат иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшишига шубҳа йўқ. Юқорида зикр қилинган ва бошқа Ўзбекистон учун хос бўлган хусусиятлар ва имкониятлардан самарали фойдаланиш керак.

Дунёда аҳоли сонининг ошиши, ресурслар танқислиги, молиявий манбаларнинг чекланганлиги, миграция муаммолари, ишсизлик ва камбағаллик кўрсаткичларининг кўпайиши глобал муаммоларга айланиб бормоқда. Муқобил имкониятларни яратиш эса осонликча ҳал бўладиган масала эмас. Шу боисдан, ҳар бир имкониятдан узоқни ўйлаган ҳолда самарали фойдаланиш – бугунги куннинг долзарб мавзуси.

МДҲ давлатларида 280 миллиондан кўп аҳоли яшайди, шундан 90 миллиондан ортиғи – мусулмонлар. Минтақа ривожланишда давом этаётган, бой ресурсларга эга, барча имкониятлари ҳали тўлиқ ишга туширилмаган ҳудуд ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида келажакда муқобил молиявий ресурсларга талабнинг янада ортишига, диверсификациялашган молиявий хизматлар турига эҳтиёж туғилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Ислом молияси ҳаби сифатида бу муқобил молиявий ҳизматларни етказиб берадиган асосий давлатга айланиши эса, унинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Замин яратиш

Аҳоли ва тадбиркорларнинг исломий молия бўйича саводхонлигини ошириш лозим. Оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиботларни йўлга қўйиш, Ислом молиясини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асосларни яратишни жадаллаштириш, соҳани ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегияларини ишлаб чиқиш, буни Ўзбекистоннинг келгуси 5 йиллик тараққиёт стратегиясида акс эттириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Искандар Турсунов,
INCEIF – Ислом молияси халқаро университети магистранти, ислом молияси мутахассиси

Мавзуга оид