Ўзбекистон | 15:05 / 21.10.2022
9175
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимларнинг кадастр органлари ишига аралашиши тақиқланяпти

Фото: Shutterstock

"Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди.

2023 йил 1 январдан:

  • Кадастр агентлиги ҳудудий тузилмалари фаолиятини ташкил этиш Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади;
  • ҳудудий бошқарма ва бўлимлар фаолиятини молиялаштириш республика бюджетидан амалга оширилади;
  • ҳудудий бўлимлар, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиаллари фаолиятига ҳокимлар томонидан аралашиш ёки таъсир ўтказиш қатъий тақиқланади.

2023 йил 1 июлгача Кадастр агентлиги органларига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни E-ma’muriy ish тизими орқали электрон кўриб чиқиш имкони яратилади.

Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:

  • Кадастр агентлиги марказий аппаратида – Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси;
  • Кадастр агентлиги ҳудудий бошқармаларида – чегара масалалари бўйича бош мутахассис лавозими;
  • Тошкент геодезия ва картография коллежида – Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази;
  • “Геоинновация маркази” тузилмасида – қиёслаш ва калибрлаш лабораторияси, докторантура фаолияти, Фазовий маълумотлар соҳасида стандартлаш бошқармаси ҳамда Илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими.

Янги ўзлаштирилган ерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хулосасига мувофиқ вилоят ҳокимлари қарорига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киритилади.

Қарор билан 2023–2026 йилларда Кадастр агентлиги фаолияти асосий прогноз кўрсаткичлари ва унинг моддий-техника базасини такомиллаштириш дастури тасдиқланди. Унга кўра, агентлик 25 169 гектар ер участкаларини ўлчаб, электрон хариталарини яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид