14:34 / 24.10.2022
23254

Жаҳон банкидан 600 минг доллар грант ютган ўзбек олими маблағини ололмаяпти

Японияда диссертация ёқлаб келган олим Искандар Абдуллаев Ўзбекистонда биологик тадқиқотлар ўтказиш учун Жаҳон банкидан йирик миқдордаги грант ютган. Маблағларни олишда Ўзбекистон томонида муаммо бўлаётгани айтилмоқда.

21 октябр куни Искандар Абдуллаевнинг онаси фалсафа ва сиёсий фанлар доктори Гулсара Шерматова Facebook’даги саҳифасида ўғли Искандар Абдуллаев Жаҳон банкидан 600 минг долларлик грант ютиб, маблағларни ололмаётгани ҳақида пост жойлади.

Унда айтилишича, Искандар Абдуллаев 3 ой олдин биологик тадқиқотларини ўтказиш, асбоб-ускуналар сотиб олиш ва тадқиқот гуруҳини тузиш учун Жаҳон банкининг 600 минг долларлик грантини ютиб олган. Бироқ маблағлар ҳали етиб келмаган.

Искандар Абдуллаев Японияда фан номзоди диссертациясини ҳимоя қилган ва АҚШ тадқиқот марказида ишлаб, тадқиқотлар ўтказиш учун Ўзбекистонга келган.

Гулсара Шерматованинг ёзишича, Жаҳон банки Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Ўзбекистонда йирик лойиҳа амалга оширяпти. Бу лойиҳанинг таркибий қисми сифатида турли соҳаларга грантлар ажратиляпти. Бу грант Миллий Университет қошидаги гуруҳга ажратилган.

“Шу боис бу иш билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг инвестиция ва ташқи алоқалар бўлими шуғулланиши керак. Тушунишимча, Марказий банкнинг тегишли бўлимига, вазирлик ҳужжатларни тасдиқлаб жўнатиши керак. Конвертация қилиниб, илмий муассаса ҳисобрақамига ўтказилиши керак. Аммо 2,5 ойдан бери бу иш пайсалга солиняпти. Бундай чўзаверишса, Жаҳон банки пулни қайтариб олади. Инвестициялар масаласи халқаро сиёсий майдонга чиқади. Бу муаммолар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинги билан боғлиқ муаммолар. Бунақа ҳодиса бир-икки марта такрорланса, кейин Жаҳон банки Ўзбекистонга грант бермай қўяди”, – дейди олимнинг онаси Kun.uz билан суҳбатда.

Пост муаллифи Олий ва ўрта таълим вазирлигига мурожаат қилишгани, вазирлик уларда Молия вазирлигининг грант маблағларидан фойдаланиш бўйича кўрсатмалари йўқлигини билдирганини ҳам маълум қилган. Молия вазирлиги эса буни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳал қилишини айтган.

Kun.uz воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Олий ва ўрта таълим вазирлиги билан боғланди. Вазирликнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакилларига сўров юборилган.

“Айнан қаерда муаммо бўлгани аниқ эмас. Бу масала ўрганиляпти. Аниқлангандан кейин расмий саҳифаларимизда эълон қиламиз. Бундай грантларнинг Ўзбекистонга келиши, тадқиқот ишлари олиб борилиши вазирлигимиз учун ҳам фойдали”, – дейди вазирлик матбуот хизмати вакили. 

Top