16:49 / 25.10.2022
32327

Рамзан Қодиров Украина шаҳарларини «ер юзидан супуриб ташлаш»га чақирди

Чеченистон раҳбари Россия ҳудудлари ўққа тутилишига кучли жавоб қайтарилмаётганини айтиб, «шаҳарларни ер юзидан супуриб ташлаш»га ва «махсус амалиёт»ни уруш деб аташга чақирди.

Фото: ТАСС

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм-каналида Россия ҳудудлари ўққа тутилишига «жуда заиф жавоб» қайтарилаётганидан норозилигини билдирди.

«Аввал биз Украина ҳудудида махсус ҳарбий амалиёт ўтказяпмиз деб айтардик, аммо энди уруш бизнинг ҳудудимизда кечмоқда. Агар сизга фикрим қизиқ бўлса, айтишим мумкинки, мен бундан жуда ҳам норозиман», — деган у.

Қодировнинг фикрича, Россия ҳудудлари ўққа тутилишига жавобан Украина шаҳарларини «ер юзидан супуриб ташлаш» керак.

«Биз аллақачон ҳарбий ҳолат эълон қилдик. <…> Аммо улар [украинлар] тортинмаяпти ва ўққа тутишмоқда. <…> Менимча, биз жуда кучсиз жавоб қайтаряпмиз. Агар биз томонга, бизнинг ҳудудимизга снаряд учиб келса, шаҳарларни йўқ қилиб ташлашимиз керак. Узоқ уфқ кўриниши учун. Биз томонга ўқ узишни хаёлларига келтирмаслик кераклигини тушунишлари учун», — дея давом этади Қодиров.

Унинг фикрича, «шаҳарларни ер юзидан йўқ қилиш» учун қарор қабул қилганда, Ғарб реакцияси тўғрисида қайғурмаслик керак. «Бўлиши мумкин бўлган ишларнинг барчаси аллақачон бўлган. Бундан ёмонроғи бўлмайди», — деган Чеченистон раҳбари.

  • Рамзан Қодиров «уруш партияси» вакилларидан саналади. У Украина билан можаро кескинлашуви тарафдори, хусусан, Украина ҳудудини ўққа тутишни кучайтириш (ядро қуроли қўллашгача)га чақириб келади.
  • Хусусан, 10 октябр куни Россия Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига Қрим кўпригидаги портлашга жавобан ракеталар ёғдирганида Қодиров энди «махсус ҳарбий амалиёт»нинг боришидан тўла қаноат ҳосил қилаётганини айтганди.
  • Шунингдек Қодиров РФ мудофаа вазирлигини Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда етарлича қатъият кўрсатмасликда айблаганди. Октябр ойи бошида у Донецк областидаги Лиман шаҳри бой берилишида Марказий ҳарбий округ қўмондони, генерал-полковник Александр Лапинни айблаганди. Қодиров Лапинни «истеъдодсиз» деб атаганди.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top