Жаҳон | 20:55 / 25.10.2022
27587
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда биринчи президент шарафига аталган жойлар номи ўзгартирилди

Туркманистонда биринчи президент Сапармурод Ниёзов ва унинг онаси Гурбансултон эже шарафига аталган шаҳар ва қишлоқлар номи ўзгартирилди. 

Фото: Alamy Stock Photo

Туркманистоннинг Халқ Маслаҳати (Халқ Кенгаши, Миллий Генгеш палаталаридан бири — парламент) йиғилишида маъмурий-ҳудудий ислоҳот ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди. Уни собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов олиб борди. 

Қарорга кўра, «аҳолининг қишлоқ жойлари тарихий номларини тиклаш борасидаги таклиф ва мурожаатлари инобатга олиниб» 2 та этрап, 3 та шаҳар, 4 та аҳоли пункти, 3 та генгешлик, шунингдек, 21 та қишлоқ номи ўзгартирилди. 

Уларнинг орасида биринчи президент Сапармурод Ниёзов ва унинг онаси Гурбансултон эже шарафига номланган жойлар ҳам бор. 

Жумладан, Дошўғиз вилояти, Гўрўғли этрапидаги Сапармурод Ниёзов номли қишлоққа Бедиркент, Ғаллачи генгешлигидаги Сапармурод Ниёзов номли қишлоққа Ғаллачи, Сапармурод Ниёзов номидаги этрап ва Ниязов номли шаҳарга Шовот номи берилди. 

Шунингдек, Саҳро генгешлигидаги Гурбансултон эже номли қишлоқ - Яккатут, Гурбансултон эже номли генгешлик - Қизилжагала, Гурбансултон этрапидаги Гурбансултон шаҳри - Андалип бўлди. 

Сапармурод Ниёзов 1991-2006 йиллар давомида Туркманистоннинг биринчи (ва ўлимига қадар абадий) президенти бўлган. Унинг ҳаётлигида кўплаб қишлоқлар, шаҳарлар, кўчалар, заводлар, колхозлар, мактабларга ўзининг ва ота-онаси Отамурод билан Гурбансултон эже номи берилган. 

Гурбангули Бердимуҳамедов президент бўлгач, Ниёзов ва унинг яқинлари номини олган қишлоқ ва шаҳарлар сони камаймоқда. 

Мавзуга оид