17:03 / 27.10.2022
7623

Ўзбекистонда илк бор МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси сессияси ўтказилмоқда

Самарқанд шаҳрида МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси кузги сессияси бошланди. Сессия доирасидаги тадбирларда МДҲ ПAга аъзо давлатларнинг парламент делегациялари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда экспертлар иштирок этмоқда.

Фото: KUN.UZ

Aссамблея иштирокчи давлатлар – Озарбойжон, Aрманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон парламент делегацияларидан иборат.

27 октябр куни Самарқандда Aссамблеянинг ахборот, туризм ва спорт бўйича, қишлоқ хўжалиги сиёсати, табиий ресурслар ва экология бўйича, сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик бўйича учта доимий комиссияларининг мажлислари ўтказилди.

Шунингдек, Ҳамдўстлик давлатларидан ёш парламентарийлар МДҲ Ёшлар Парламентлараро Aссамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди.

Кун давомида Aссамблеянинг бошқарув органи – МДҲ ПA Кенгашининг мажлиси ўтказилади. Унда Парламент делегациялари раҳбарлари ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар. 2022 йилда ўтказилган тадбирлар якунлари сарҳисоб қилиниб, МДҲда сайлов кампаниялари мониторинги тўғрисидаги ахборот эшитилади.

Намунавий қонун ижодкорлиги бугунги кунда Aссамблеянинг асосий фаолияти бўлиб қолмоқда. Ҳамдўстлик мамлакатлари парламентарийлари кейинчалик миллий парламентлар ўз қонун ижодкорлиги фаолиятида фойдаланиши мумкин бўлган намунавий қонунлар, кодекслар ва бошқа ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқадилар.

Маълумот учун, МДҲ ПA фаолиятининг 30 йили давомида 600 дан ортиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, МДҲ мамлакатлари парламентларига тақдим этилган.

Сессия 28 октябр куни ҳам давом этади. 

Top