Жаҳон | 10:30 / 27.10.2022
12982
6 дақиқада ўқилади

Россия Балаклиядан чекинаётганда минглаб ҳужжатларни ташлаб кетган - ОАВ

Балаклиядан чекинаётган рус ҳарбийлари «минглаб ҳужжатларни» ташлаб кетди, деб ёзади Reuters. Агентлик уларнинг баъзиларини ўрганиб чиқди - таъминот ва руҳий ҳолат билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, Украина ҳужуми июль ойида кутилганлиги аниқланди.

Фото: Dw

Сентябрь ойи бошида Харкив вилоятининг Балаклия шаҳридан чекинаётган россиялик ҳарбийлар ўзларининг собиқ бош қароргоҳида «минглаб» саҳифали ҳужжатларни қолдиришди, деб хабар бермоқда Reuters. Агентлик ходимлари ушбу ҳужжатларни ўқиб чиқдилар ва натижада нима ўрганганлари ҳақида батафсил мақола чоп этишди.

Кўриб чиқилган ҳужжатлар орасида РФ Қуролли кучлари номаълум офицерининг фронтдаги вазиятни тасвирлайдиган дафтарлари, шунингдек, суҳбатлар ёзувлари, командирларнинг ёзма ҳисоботлари ва рус бўлинмаларининг координаталари мавжуд. Reuters журналистлари Украина шарқидаги ишғол қилинган аҳоли пунктларидаги ушбу манзилларга бориб, маълумотларнинг ҳақиқийлигини текширишди – маҳаллий аҳоли Россия Қуролли кучлари бўлинмалари ва россияпараст айирмачилар ҳақиқатан ҳам у ерда жойлашганини тасдиқлашди.

Ўрганилган ҳужжатларга кўра, Балаклиядаги рус қўшинлари қўмондони полковник Иван Попов бўлиб, у илгари Чеченистон ва Грузияда жанг қилган. Балаклия гуруҳининг бошқа юқори мартабали офицерлари сингари, Попов Болтиқ флотининг 11-армия корпусида хизмат қилади. Унинг рафиқаси Reuters агентлигига Украинадаги жангларда у яралангани ва бир ой касалхонада ётганини, шундан сўнг генерал унвонига эга бўлганини айтди.

Ҳужжатларда, шунингдек, Балаклия ҳарбий коменданти «В. Гранит» ҳақида эслатиб ўтилади - агентлик бу тахаллус деб ҳисоблайди (июнь ойида у Харкив Коррупцияга қарши кураш маркази томонидан «Балаклиянинг оккупацион ҳокимияти: тафсилотлар» материалида тилга олинган). Агентликнинг ёзишича, ҳибсга олинган маҳаллий аҳолининг қариндошлари «Гранит»дан уларни қўйиб юборишни бир неча бор сўраган, бироқ ҳар сафар рад жавоби берилган. Харкив полицияси Балаклия полиция бўлими биносида «қийноққа солинадиган хона» ташкил этилганини, у ерда маҳбусларнинг кўрсатмалари калтаклар орқали олинганини аниқлади.

Балаклиядаги РФ Қуролли кучларининг қўмондонлик пункти собиқ автоуловларни таъмирлаш устахонасида жиҳозланган. 6-8 сентябр кунлари шаҳарни деоккупация қилиш пайтида Украина Қуролли кучлари бинога бир неча мақсадли зарбалар бериб, унинг ер қисмини вайрон қилган. Айни пайтда ўнлаб россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлди, деб ёзади агентлик. Ҳужжатлар зобитлар йиғилиш ўтказган ертўладан топилган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, рус ҳарбийларини эвакуация қилиш «тартибсиз» кечган. Шаҳардан чиқиш жойида тирбандлик юзага келган.

Балаклияда ташлаб кетилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, июль ойи охирида Украинанинг қарши ҳужуми кутилган, деб ёзади Reuters. 19 июль куни рус зобити ўз эслатмаларида Харкив вилоятидаги Граково шаҳри учун жанглар ҳақида гапирган, уни руслар фақат катта йўқотишлар эвазига ютишга муваффақ бўлишди. 21 июль куни Попов ФХХдан Украина Балаклия вилоятига учта HIMARS ракетасини етказгани, шунингдек, қўмондонлик пункти ва тўртта омборхона жойлашганлиги ҳақида хабар олди.

24 июль куни дафтарда HIMARS зарбаси натижасида РФ Қуролли кучларининг 336-денгиз пиёдалари бригадасининг 12 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Худди шу куни киритилган яна бир ёзувда офицер Градековода жанг қилган отряд командири Артём Штанкони қўл остидагилар билан бирга орқага чекингани учун «мараз» деб атайди. Штанконинг отаси Reuters агентлигига ўғли бошқа бўлинмага ўтказилгани ва Украинадаги жангини давом эттираётганини айтди. 4 август куни ҳарбий электроника мутахассислари Балаклияга келишган, ҳужжатларга кўра - улар HIMARS ракеталарини бошқаришда фойдаланиладиган сунъий йўлдош навигация тизимларига халақит бериш учун Поле-21 электрон уруш тизимидан фойдаланишга ҳаракат қилган.

Руслар томонидан Украина ҳужумини кутишга телефон суҳбатларини эшитиш маълумотлари ҳам сабаб бўлган. Аниқланган ҳужжатларда қўнғироқ қилганларнинг бир қисми Эстония, Буюк Британия, Нидерландия ва АҚШда рўйхатга олингани айтилади - Россия Қуролли кучлари уларни Ғарб ёлланма аскарлари ёки инструкторлари деб қарор қилган. Эстония Мудофаа вазирлиги Reuters агентлигига эстон қўшинлари Украинада амалиётлар ўтказмаётганини билдирди, бошқа давлатларнинг ҳарбий идоралари агентлик сўровларига жавоб бермади.

Reuters томонидан кўриб чиқилган ҳужжатлар ҳам минтақадаги рус қўшинлари кам бўлганини кўрсатади. 30 августдаги ҳисоботга кўра, гуруҳ қўшинлари мунтазам кучларнинг 71 фоизига тўлдирилган. Бироқ, баъзи бўлинмаларда вазият анча ёмонроқ бўлган: масалан, батальонлардан бирида кўзда тутилган 240 ўрнига атиги 49 киши жанг қилган ва БАРС захира бригадаси 23 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, РФ Қуролли кучларида ускуналар йўқ эди. Ҳужжатларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, 25 июль куни гуруҳ ихтиёрида бўлган бешта дрондан иккитаси, саккизта зирҳли транспорт воситасидан учтаси ва 24 та Фагот танкка қарши тизимларидан иккитаси қолган. Душман артиллерия позицияларини ўрганиш ва унинг дронларини тутиб олишга қодир бўлган мавжуд радар мажмуаси ҳам йўқ қилинган.

Август ойи охирида «ўқ-дорилар ёки учувчисиз учоқлар етказиб берилмаган», деди Балаклия яқинида жанг қилган россиялик офицер Reuters агентлигига анонимлик шарти билан. У, хусусан, 27 август куни Украина Қуролли кучлари Россия позицияларига катта артиллерия зарбаси бергани ва унинг дўстларидан бири унинг қўлида ҳалок бўлгани, Россия Қуролли кучлари ҳеч қандай жавоб қайтара олмаганини эслатиб ўтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид