Жамият | 20:38 / 02.11.2022
23223
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги таъмирдан чиққан йўл нега чўкиб кетди?

Telegram'да пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги Самарқанд дарвоза ҳамда Қоратош кўчалари кесишувида йўл чўккани, ҳаракатланиш учун хавф туғдираётгани акс этган суратлар тарқалди. Kun.uz ҳолатни жойига бориб ўрганди.

Шу ерда яшовчилар биз билан суҳбатда кўча ёз фаслидан буён таъмирланиши, аммо бу жараён ҳеч охирига етмаётгани, бундан эса одамлар ва ҳайдовчилар азият чекаётганини таъкидлади.

Самарқанд дарвоза кўчасида йўл чўккан ҳолати

Икки ойдан бери таъмирлашяпти. Асфальт қилади, яна ковлайди. Кейин чўкиб кетди. 20 кундан бери шу ҳолатда турибди. Асфальт чўккандан кейин ҳам одамлар келиб, ўрганишмади ва ишни охирига етказишмади. Аслида бу ерда жамоат транспортлари тўхтар эди. Ҳозир тўхтамай қўйишди. Анча жойга юриб боряпмиз. Кечга бориб, машиналар тирбандлиги юзага келади”, дейди яқин жойда яшовчилардан бири.

Йўл чўккани оқибатида кўчанинг фақат бир қатори ҳаракатланиш учун қолдирилган бўлиб, бу ҳаракатланиш тиғиз бўлган пайтларда тирбандликларга сабаб бўлиши шубҳасиз.

“Бирор фалокат юз беришини кутиш керакми, шундагина ҳаракат бошланиши шартми?” дея фикр билдирди йўловчилардан бири.

“Йўл чўккан. Бекат бўлишига қарамасдан, эътибор бериб тузатадиган одамнинг ўзи йўқ. Машиналар эса кўп. Менимча, буни канализация ўтказган ташкилот қайтадан тўғрилаб қўйиши керак эди. Иккинчи масала, канализация ўтказиш керак экан, нега асфальт ётқизишдан аввал қилинмаган? “Самарқанд дарвоза” кўчасида ҳам худди шу ишни қилишяпти.

Асфальт қилиб, чиройли ҳолатга келганда, бошқатдан ковлаб, канализация ўтказишяпти. Бу ишлар аввалдан режалаштирилиб қилинмайдими? Халқнинг қанча пули кетяпти бу ерда? Кечаси ёши катталар ўтиши мумкин, ногиронлар бор, қолаверса, машиналар билмасдан ўтиб қолади. Бу ЙТҲ содир бўлишига чиройли шароит тайёрлаб қўйгандай гап.

Буни эътиборсизлик деб ҳисоблайман. Масъул бўлган шахслар президент яратиб бераётган шароитларга тескари ишларни амалга оширмоқда”, дейди йўловчилардан яна бири.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси мутасаддиси сўровимизга жавобан Самарқанд дарвоза кўчасидаги йўллар таъмири учун жавобгарлик ташкилот бўйнида эмаслиги, шаҳардаги ички йўллар таъмири маҳаллий ҳокимликлар зиммасида эканини маълум қилди. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигидан эса қўнғироқларимизга жавоб бўлмади.

Бироқ йўловчилардан муаммо ҳақида изоҳ олиб турганимизда йўлсозлар келиб, ёздан буён таъмирланмай турган кўчани таъмирлашни бошлаб юборишди.

Таъмирлаш ишлари бошланган жараён

Тез орада йўл нима учун чўкканига ойдинлик киритилди. Маълум бўлишича, бу ҳудудда канализация қувурлари янгиланган. Табиийки, таъмирлаш вақтида йўл ковланиб, сўнг қайта кўмилган. Бу ишлар лозим даражада бажарилмагани учун кейинчалик бу ерда чўкма юзага келган.

Шерзод Усмонов, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутахассиси

“Бу ишлар ўтган йили бошланган ва бу йил тугатилади. Бу чўкма ҳосил бўлганига икки ойча бўлиб қолди. Иккинчи таъмирдан сўнг чўкма кузатилмайди. Бу жараённинг технологияси шунақа, биринчи сувоқ берилгандан кейин камида бир йил туриши керак. Бу орада ёғингарчиликлар кузатилади. Янги линия бўлгани сабабли чўкмалар бўлиши табиий. Бу томондаги Зангиота маҳалласига канализация тортиш учун очилган. Шу пайтга қадар у ерда канализация бўлмаган. Ўралар бўлган холос. Аҳолига қулайлик яратиш учун канализация дастурига тушган. Бугун кўриб турганингиздек, чўккан жойларини қайта таъмирлаш ишлари бошланди. Эртага асфальт ётқизиш ҳам бошланади”, дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакили Шерзод Усмонов.

Масъуллардан юзага келган муаммо бўйича изоҳ олиб, ортга қайтарканмиз, Самарқанд дарвоза кўчасидан Оқтепа майдонига қараб кетаверишда ҳам йўл қурилиши билан боғлиқ қатор камчиликларга кўзимиз тушди. Kun.uz пойтахт йўлларидаги муаммоли ҳолатларни ўрганишда давом этади.

Мавзуга оид