Жаҳон | 14:06 / 03.11.2022
8236
3 дақиқада ўқилади

Эстонияда яшовчи россияликларга қуролга эгалик қилиш тақиқланади

Эстония ҳукумати қурол ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. Республика расмийлари бу билан юзага келиши мумкин бўлган хавфларни бартараф этишларини айтишди.

Фото: Anadolu agency

Эстония у ерда яшовчи учинчи давлат фуқаролари учун қурол сақлашга қонуний тақиқ жорий қилмоқда. Республика ҳукумати 2 ноябрь, чоршанба куни Ички ишлар вазирлиги томонидан қурол-яроғ тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни маъқуллади. Энди улар парламент томонидан кўриб чиқилиши керак.

Эстония расмийларига кўра, таклиф этилаётган норма 3080 та қуролга эга бўлган 1325 кишига тааллуқлидир. Чекловга дучор бўлганларнинг аксарияти республикада яшовчи Россия ва Беларус фуқароларидир.

«Бугун биз бошқа, душман давлат фуқаролари қурол олиб юриш учун рухсатномага эга бўлиши ва уларга эгалик қилиши бўйича ҳолатни хавф остига қўя олмаймиз», - деди Эстония ички ишлар вазири Лаури Ляэнеметс. Унинг фикрига кўра, улар ўз мамлакатлари манфаатларини ҳимоя қилишда «мафкура ёки фуқаролик содиқлиги» сабабли «қўлларига қурол олишлари кераклигини ҳис қилишлари» мумкин. «Ушбу қонун билан биз бундай хавфларни бартараф қиламиз», деб тушунтирди Ляэнеметс.

Қонун лойиҳасига кўра, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар фуқароларига қурол-яроғ рухсатномалари бир йилдан кейин тугайди. Шундан сўнг, эгалари бир йил ичида қуролларини топширишлари керак. Акс ҳолда ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ўртача бозор нархида экспроприация қилади. 

Қонун кучга киргандан сўнг янги қурол рухсатномаларини бериш тўхтатилади. Республика Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу 2023 йил бошида содир бўлади. Ҳужжатни қабул қилиш билан Эстониянинг июль ойидан бери амалда бўлган, бош вазир Кая Каллас бошчилигидаги янги ҳукумати коалиция келишуви шартларидан бирини бажармоқда. Унда Россия Федерацияси ва Беларус фуқароларига берилган қурол рухсатномалари ҳақиқий эмас деб топилиши ва уларнинг кейинги берилиши тўхтатилиши назарда тутилган. 

Сентябрь ойида Эстония Литва, Латвия ва Полша билан бирга россиялик сайёҳлар учун киришни ёпди. Туристик визалар, шу жумладан учинчи давлатлар томонидан берилган Шенген визалари бўлган Россия Федерацияси фуқаролари республикага киритилмайди. 

Эстония, Латвия ва Литва Европа Иттифоқини халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Украинага Россияни ҳарбий босқинчилик жиноятлари учун жавобгарликка тортиш учун махсус трибунал яратишда ёрдам беришга чақирди. Уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари Европа Иттифоқи Украина, бошқа қатор давлатлар ва Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан олиб борилаётган терговларни қўллаб-қувватлашда давом этиши кераклигини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид