Жаҳон | 07:58 / 03.11.2022
6015
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: 400 минг россиялик сафарбарлик туфайли Россияни тарк этди

400 мингга яқин россиялик сафарбарлик туфайли Россияни тарк этди, дея хабар беради dpa ғарб ҳукуматларидаги манбаларига таяниб. 

Фото: AP

Бу рақам уруш бошланганидан кейин мамлакатни тарк этганларни ўз ичига олмайди. 

Бундан ташқари, кўплаб россияликлар қуролли кучларга чақирилмаслик учун «пана жойларга яширинишган», дейди агентлик манбалари. Бунда, аниқ рақамлар келтирилмаган.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Украинадаги урушга сафарбар қилинган 300 минг кишидан 87 минг нафари юборилганини билдирганди. 

Кремлга кўра, сафарбарликни якунлаш учун президент фармони талаб қилинмайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари қонундаги камчиликлар ҳақида гапиряпти.

Айни пайтда сафарбарлик бошланганидан кейин ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида чақириқдан бир неча кун ўтиб сафарбар этилганларнинг урушга жўнатилгани, улар ҳалок бўлгани ҳақида кўплаб маълумотлар эълон қилинди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бир кун аввал давлат раҳбари Владимир Путин эълон қилган сафарбарликни якунлаш учун ҳеч қандай фармон талаб қилинмаслигини айтди. 

«Президент ҳуқуқшунослар, юристлар билан маслаҳатлашаман, деди. Сизга шуни маълум қиламизки, ҳеч қандай фармонга эҳтиёж йўқ. Шунга кўра, сафарбарликнинг охири белгиланди. Қисман сафарбарлик якунланди. Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий комиссарликларга чақириқ тўғрисидаги қоғозларни юборишни тўхтатиш ва бундан кейин ҳеч қандай чақириққа жалб қилмаслик тўғрисида тегишли телеграммалар юборилди», - деди у.

«Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиковнинг сўзларига кўра, Россия қонунчилигида ҳарбий ҳолатдан фарқли ўлароқ, сафарбарликни тугатиш кўзда тутилмаган, жорий этиш ва бекор қилиш бевосита президент фармонлари билан белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Чиков қонунчиликдаги камчиликларга эътибор қаратди: масалан, президентнинг «қисман сафарбарлик» тўғрисидаги фармонида у қайси дақиқадан ёки воқеадан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатиши, шунингдек, чақирилаётган ҳарбий хизматчилар сони кўрсатилмаган. 

«Россия Мудофаа вазирлиги топшириқни қисман ёки тўлиқ бажарганми ёки йўқми - номаълум, вазирнинг президентга ҳисоботи ва Мудофаа вазирлигининг пресс-релизлари ҳеч қандай тартибга солувчи (мажбурий) кучга эга эмас», деб таъкидлайди адвокат.

Мавзуга оид