Жаҳон | 14:11 / 04.11.2022
4178
2 дақиқада ўқилади

Боку Ереванни чегарани ўққа тутишда айблади

Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбойжоннинг чегара ўққа тутилгани ҳақидаги айбловларини рад этиб, уларни дезинформация деб атади.

Фото: Picture Alliance

4 ноябрь, жумага ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Калбажар туманининг Эллиджа ва Моллабайрамли аҳоли пунктлари йўналишида Озарбойжон армиясининг позицияларини беш соат давомида ўққа тутган. Бу ҳақда Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 4 ноябрь куни эрталаб хабар берди.

Боку мудофаа маҳкамаси маълумотларига кўра, ўққа тутиш Арманистон қуролли кучлари томонидан Басаркечяр туманидаги Азизли ва Юхара Шоржа аҳоли пунктлари йўналишида турли калибрли ўқ отиш қуролларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган, Озарбойжон армияси бўлинмалари «адекват жавоб чораларини кўрди», дейилади маълумотда.

Арманистон томони бунга раддия берди. «Озарбойжон Мудофаа вазирлиги дезинформацияни тарқатишда давом этмоқда. 3 ноябрдан 4 ноябрга ўтар кечаси Арманистон Республикаси Қуролли кучлари бўлинмалари Арманистон-Озарбойжон чегарасининг шарқий қисмида жойлашган Озарбойжон позицияларига ўт очмади», - дейилади хабарда. Вазирлик сайтида қўшимча изоҳ берилмаган.

Бир кун аввал, 3 ноябрь куни ҳам Озарбойжон Арманистон Калбажар туманидаги Бязирхон аҳоли пункти йўналишида мамлакат армияси позицияларини ўққа тутаётганини маълум қилган эди.

31 октябр куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин Сочидаги уч томонлама учрашув якунлари бўйича қўшма баёнот берди. Унда томонлар куч ишлатишдан тийилиш ва барча муаммоли масалаларни фақат БМТ низоми ва 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ўзаро тан олиш асосида ҳал этиш ниятида экани таъкидланган. 

1991 йил 21 декабрда Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина томонидан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) мақсадлари ва тамойиллари тўғрисидаги Олмаота декларацияси имзоланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид