10:34 / 04.11.2022
5098

Twitter компаниясида ходимларни ёппасига ишдан бўшатиш бошланяпти

Twitter ходимларидан 4 ноябрь, жума куни офисга келмаслик сўралган, чунки компанияда «ишчилар сони қисқариши» амалга оширилмоқда. Ходимларга келажакдаги режалар ҳақида почта орқали хабар юборилади. 

Фото: Getty Images

Twitter ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Twitter Inc компанияси раҳбарияти ходимларга компанияда юз берадиган қисқартириш ҳақида расмий эълон билан электрон хатлар жўнатди. AFP агентлиги келтирган хабар матнига кўра, ишдан бўшатиш 4 ноябрь, жума куни АҚШда маҳаллий вақт билан иш кунининг бошида бошланади. 

Мактубда айтилишича, ходимлар фирмада ишлашни давом эттирадими ёки йўқми, деган саволга электрон почта орқали юборилган хабарда жавоб олади. Шу билан бирга, улар вақтинча ёпилганлиги сабабли офислардаги ўз жойларига келмасликлари сўралган ва ишхонага кириш рухсатномаларининг амал қилиш муддати тўхтатилган. Хатни ўқишдан олдин офисларга борганлардан уйларига қайтишлари сўралади, компанияда дам олиш куни эълон қилинди. 

Twitter Inc бошқаруви қисқартиришларни платформа «ақл бовар қилмайдиган даражада қийин тажриба»дан ўтаётган бир пайтда юзага келадиган «мураккаб жараён» деб атади. «Биз бу Twitter’га қимматли ҳисса қўшган бир қатор одамларга таъсир қилишини тушунамиз, аммо афсуски, бу ҳаракат компаниянинг келажакдаги муваффақиятини таъминлаш учун зарур», — дейилади мактубда. 

АҚШ матбуотига кўра, Twitter Inc’нинг янги эгаси - бизнесмен Илон Маск ходимлар сонини 50 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда. Twitter’да ҳозирда 7500 га яқин одам ишлайди. 

Компаниядаги ишдан бўшатиш Маск апрель ойида эълон қилган компанияни 44 миллиард долларга сотиб олиш бўйича битимни ёпгандан сўнг дарҳол бошланди. Шундан сўнг у ўз фикрини ўзгартиришга уринди, бироқ Twitter директорлар кенгаши битимни якунлашни талаб қилиб, уни судга бериш ниятини билдиргач, харидга қайтди. Маскнинг танқидига ижтимоий тармоқдаги ботлар ва сохта аккаунтлар сони ҳақидаги гўёки ишончсиз маълумотлар сабаб бўлди. 

Илон Маск келишув якунланганини расман эълон қилишидан олдин ҳам у бош директор Параг Агравал, молия директори Нед Сегал, бош ҳуқуқшунос Вижая Гадде ва компаниянинг бир қанча бошқа топ-менежерларини ишдан бўшатди. Ноябрь ойи бошида Маск компания директорлар кенгашининг тарқатилиши вақтинчалик чора эканлигини айтди. 

2026 йилга бориб Маск ижтимоий тармоқдан тушган даромадни жорий йиллик 5 миллиард доллардан 26 миллиард долларгача оширишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, тадбиркор компания қийматини ошириб юборилган деб ҳисоблашини айтди. У келишувни суд жараёни таҳдиди туфайли эмас, балки «цивилизация келажаги учун янгиликларни тарқатиш ва фикр алмашиш учун рақамли платформага эга бўлиш муҳим, деб ҳисоблагани учун ёпган». 

Маскнинг фойдани кўпайтириш ҳақида айтган ғояларидан бири бу - ижтимоий тармоқда фойдаланувчиларни текширишнинг «кўк белгилари» учун пулли обунани жорий қилиш имконияти. У бунинг учун ойига 20 доллар олишни таклиф қилди, аммо тез орада нархни ойига 8 доллар деб баҳолади.

Маскнинг 2022 йилда Twitter’ни сотиб олишидан олдин ҳам, ишдан бўшатиш ва иқтисодий инқирозга қарши курашиш бўйича шунга ўхшаш чоралар бир қатор бошқа йирик технология компаниялари томонидан эълон қилинган эди. Ёзда Alphabet (Google эгаси), Meta (Facebook эгаси), шунингдек, энг йирик криптовалюта биржаларидан бири Coinbase ва OpenSea NFT-маркетплейси ходимлари янги ходимларни ишга олиш қисқартирилгани ва тўхтатиб қўйилгани ҳақида хабар беришди. Bloomberg маълумотларига кўра, Apple 2023 йил охиригача янги ходимларни ёллашни тўхтатди. Иқтисодиётдаги қийин давр компаниялардаги ишдан бўшатиш сабаблари сифатида тилга олинди.

Иқтисодий ўсишнинг секинлашиши нафақат Америка компанияларида, балки, масалан, Хитойда ҳам кузатилмоқда - ХХР статистика идораси июль ойида 2022 йилнинг 2-чорагида Хитой ялпи ички маҳсулотининг ўсиши деярли тўхтаганини маълум қилди. Берлиндаги Германия Иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW) раҳбари Марсел Фрацшер йил бошида бу нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. 

Top