Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин оғир жиноятларда судланганларни сафарбар қилишга рухсат берди
Россия президенти Владимир Путин «Сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиб, баъзи ўта оғир жиноят учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки жазоси ўталмаган фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришга қўйилган тақиқни бекор қилди.
YEVGENY YEPANCHINTSEV/TASS
Шунингдек, энди қотиллик, талончилик, босқинчилик ёки гиёҳванд моддалар савдоси учун жазо муддатини ўтаганларни ҳам урушга жўнатиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганликда айбланган, «террорчилик» ва «экстремистик» моддалар билан судланган шахсларни сафарбарликка чақириш тақиқланади.
Россия Федерацияси Жиноят кодексининг оғир жиноятлари тоифасига беш йилдан ортиқ қамоқ жазоси берилиши мумкин бўлган жиноятлар киради. «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда оғир жиноятлар санаб ўтилмаган, балки Жиноят кодексининг сафарбар қилиш мумкин бўлмаган моддалари кўрсатилган.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин узоқ вақтдан бери маҳбусларни Украинага урушга боришга ундаб келмоқда. Путин имзолаган тузатишлар улар ҳақида эмас, балки аввал оғир жиноят учун судланган, аммо жазони ўтаб, ҳозирда озодликка чиққанлар ҳақида.
Шартли жазоланган ёки колониялардан озод қилинганлар сони юз минглаб бўлиши мумкин. Уларнинг барчаси судланганлик олиб ташламагунча, саккиз йилдан ўн йилгача назоратда бўлиши, вақти-вақти билан рўйхатдан ўтиши, яшаш жойини тарк этмаслиги ва турли чекловларга риоя қилиши шарт.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабар беришича, сафарбарлик бошлангандан буён ҳарбий қўмиталар оғир жиноятлар учун судланган шахсларни сафарбар қилган, яъни тақиқни бузган. Аммо энди бу тақиқ олиб ташланмоқда.
Путин имзолаган қонунда Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 28 та моддаси санаб ўтилади, улар бўйича судланганлик ёки ўталмаган жазонинг бўлиши сафарбарликка тўсқинлик қилади. Бироқ, агар қонун кучга кирса, оғир моддаларнинг аксарияти сафарбарлик чақирувига монелик қилмайди.
Кимлар урушга жўнатилмайдиган бўлди?
Қонунга кўра, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлиги учун олиб ташланмаган ёки жазоси ўталмаган судланганлиги бўлган фуқаролар сафарбарлик бўйича ҳарбий хизматга чақирилмайди. Россия қонунлари вояга етмаганларни ҳарбий ҳаракатларга жалб қилишни тақиқлаши ҳисобга олинса, чеклов ҳарбийларнинг тинч аҳолига нисбатан хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши мумкин.
Умуман олганда, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар бўлимида болаларга дахлдор бўлган фақат битта модда бор – 16 ёшга тўлмаган шахслар билан ихтиёрий жинсий ҳаракатлар тўғрисида. Яна тўрттаси – зўрлаш, шаҳвоний хусусиятдаги зўравонлик ҳаракатлари, уларни қилишга мажбурлаш ва беҳаё хатти-ҳаракатлар – бу моддалар ҳар қандай ёшдаги жабрланувчиларга тегишли. Украина расмийлари россиялик ҳарбийларни зўрлашда айблаган эди. Аммо Давлат думаси жинсий жиноятларда айбдор деб топилганларни сафарбар қилишга қўйилган тақиқни сақлаб қолмади.
Россия Федерацияси Жиноят кодексининг яна 22 та моддаси бўйича олиб ташланмаган ва жазоси ўталмаган судланганлик борлиги сафарбарлик учун мутлақ тўсиқ бўлиб қолмоқда. Бу террористик ва экстремистик ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, давлатга хиёнат, жосуслик, хорижликлар билан махфий ҳамкорлик, давлат ёки жамоат арбоби ҳаётига тажовуз қилиш, ҳокимиятни эгаллаб олиш ва қуролли қўзғолонга оид моддалар.
Бундан ташқари, гаровга олиш, ноқонуний қуролли гуруҳларни ташкил қилиш ёки уларда қатнашиш, Россия манфаатларига зид бўлган қуролли можаролар ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашишда айбдор деб топилганларни ҳам урушга жўнатиш мумкин эмас. Самолёт ёки поездни олиб қочиш, шунингдек, ядровий материаллар билан ноқонуний муомалада бўлганликда айбланиб, судланганлар учун ҳам тақиқ сақланиб қолади.
Кимларни сафарбар қилишга рухсат берилди
Бошқа барча жиддий моддалар, жумладан, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг «оммавий» 228-моддаси (гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда сотиш) бўйича судланганлик сафарбарликка тўсқинлик қилмайди. Шунингдек, портловчи моддалар ва қуролларни қонунга хилоф равишда олиш, сотиш, ташиш ва сақлаш моддалари бўйича судланганларни ҳам сафарбар қилиш мумкин бўлади.
Шунингдек, яқинда озод қилинган қотилларни, талончилик ва йирик ўғирликда, нафрат ва адоват қўзғатиш, инсон қадр-қимматини камситганлик учун (бундай жиноятлар зўравонлик оқибатида ёки гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, оғир деб топилган) судланганларни ҳам урушга жўнатиш мумкин.
Сафарбарлик даврида ҳарбий хизмат билан боғлиқ оғир жиноятларни содир этганлиги учун судланганлар ҳам тақиқдан чиқарилади – масалан, ҳарбий хизмат жойини ўзбошимчалик билан тарк этиш ёки буйруқни бажармаслик. Демак, бу борада жазо муддатини ўтаб бўлган ёки шартли жазога маҳкум қилинганлар ҳам яна урушга юборилиши мумкин.
«Ҳукумат сафарбарликни давом эттиришни режалаштирмоқда»
Сафарбарлик бошланганидан кейин судланган шахслар жиноят-ижро инспекциясига чақирила бошлаган. Улар судланганлик олиб ташламагунча шу инспекцияда назоратда бўлиб, мунтазам равишда йўқламадан ўтиб туриши лозим. Уларга ҳам чақирув қоғозлари топширилган, деб хабар берди «Призыв к совести» инсон ҳуқуқлари ташкилотлари юристлари ва экспертлари коалицияси.
«Бундай чақирувни қонунийлаштириш бўйича тузатиш қабул қилиниши ҳукумат сафарбарликни давом эттиришни режалаштираётганини англатади. Ҳозир сафарбарлик режаси бажарилганини айтиб, ҳаммани тинчлантиришмоқчи. Аммо, қабул қилинган қонун вазият шундай эмаслигини кўрсатади ва улар сафарбарликни давом эттирмоқчи», деди коалиция вакили.
«Судланганлиги бор одамлар заиф ҳолатда. Чунки улар ҳуқуқ-тартибот идоралари фош этилмаган ўғирлик ёки гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни ўзининг «бўйинга илиши» қийин эмаслигини яхши тушунишади.
Ва қайта жиноий жавобгарликка тортилиш таҳдиди одамларни урушга боришга мажбурлаш учун ишлатилиши мумкин», деб ҳисоблайди «Призыв к совести» экспертлари.
Мавзуга оид
14:15 / 14.10.2025
Путин тинчлик даврида ҳам захирадагиларни жалб этиш ҳуқуқига эга бўлади
18:39 / 15.07.2025
Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик яна уч ойга узайтирилди
09:44 / 10.07.2025
Хорижликларга Россия армиясида хизмат қилишга рухсат берилди
16:44 / 16.04.2025